Get Mystery Box with random crypto!

Қўшни Қозоғистонда бўлаётган воқеалардан чиқаришимиз керак бўл | platforma.uz

Қўшни Қозоғистонда бўлаётган воқеалардан чиқаришимиз керак бўлган асосий хулосалар:

1
. Мамлакатнинг иқтисодий ўсиши асосан элиталар ҳисобига бўлса, бу барқарорлик кафолати бўла олмайди. Барча қатламлар манфаатдор бўлишига эришиш керак, айниқса энг қуйи поғонадагилари. Буни элита ҳам тушуниши зарур. Чунки барқарорлик йўқотилган давлатда улар ҳам барчасини бир зумда йўқотиши мумкин.

2. Аҳолининг катта қисми камбағал бўлган давлатларда Ғарб тарғиб қилаётган либерал бозор тамойилларини қўллашда ўта эҳтиёткор бўлиш лозим. Айниқса, ҳаёт учун энг зарур бўлган хизматлар ва маҳсулотларни бозор нархига ўтказишда. Коммунал хизматлар ва озиқ-овқатлар қимматлашиши охир-оқибат аҳоли норозилигининг кескин ўсишига олиб келади. Бизда охирги йилларда ўтказилаётган "шок терапияси"га яқин иқтисодий сиёсатнинг натижаси худди шундай оқибатларга олиб келиши мумкин. Коммунал тўловларни табақалаштирилган тарифларга ўтказиш ёки нархи ўсишини яхлатиш ёхуд кам таъминланган қатламларга субсидия бериш керак.

3. Конструктив ва кучли мухолифатни тарбиялаш зарур. Бизда ҳам одамлар кўчага чиқса, бирон расмий ёки норасмий сиёсий партия уларни тинчлантиролмайди ёки бошқара олмайди. Натижада оламон боши оққан томонга юраверади, норозилик тўполонга айланаверади, тўполондан айрим кучлар ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолиши мумкин.

4. Ёшлар билан ишлаш керак. Қуруқ гап гапириш, чапакбозлик ёки пиар билан шуғулланиш керак эмас. Қозоғистонда ҳам бош ролда айнан ёшлар. Ёшлар оммасини биз ҳам анчадан бери ўз ҳолига ташлаб қўйдик, уюшганини ҳам, уюшмаганини ҳам. Айниқса, нодавлат мактаб ва университетларда нима бўлаётгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Давлат муассасаларида ҳам ёшлар билан ишлаш тизими самарасиз.

5. Таълим, таълим ва яна бир бор таълим. Олий таълим қамровини оширдик, реакцион куч бўлган талабалар сони кескин кўпайди, аммо таълим сифати деярли ўзгаргани йўқ. Натижада олий маълумотли таксичи ва мардикорлар янада кўпаяди холос. Халқ таълиминику умуман гапирмайман. 11 йил математика ва инглиз тилини ўқиб, кара жадвалини билмайдиган ёки инглиз тилида икки сўзни қўшиб гапиролмайдиган мактаб битирувчилари бунинг исботи. Биз эса 10 мингта мактабни тартибга келтириш ўрнига яна элита учун кичкиииинагина, лекин қиммат Президент мактабларини қуриш ва ялтироқ ҳисоботлар тайёрлаш билан оворамиз. Ўқитувчиларнинг ойлигини ошириш билан бирга, уларнинг индивидуал фаолиятини баҳолаш тизимини киритиш, малака ошириш тизими самарасини ошириш, мактаб ўқувчиларининг ўзлаштириши мустақил баҳоловчилар томонидан баҳоланиши, дарслар сони ва дарсликлар сифатига эътибор қаратиш керак.

6. Фуқаролар билан ишлаш, одамларнинг норозилигини вақтида аниқлаш ва аниқланган муаммоларни ВАҚТИДА бартараф этиш зарур. Бизда Халқ қабулхоналари шу мақсадда очилган эди. Аммо улар майда маиший масалалар билан шуғулланиб қолмоқда. Аҳолининг катта қатламларини безовта қиладиган масалалар эса фуқаролар иштирокисиз ҳал бўлиб кетяпти. Коммунал тўловларнинг ўсиши ёки аҳолини ақлли ҳисоблагичларга ўтказиш шулар жумласидан. Бу масалаларни тўрттаси кабинетида ўтириб ҳал қиляпти. Ҳей, олдин инфратузилмани яратайлик, шу хизматларнинг сифатли ва узлуксиз ишлашига эришайлик, кейин пулни олдиндан тўлатишга ўтамиз, деб айтадиган одам йўқ. Ёки автосаноат масаласи: навбатлар 9 ойга етди, машиналарни етарли тезликда ишлаб чиқара олмаяпти, аҳоли ўз пулига қиммат ва эскирган моделларни, тағин 9 ой кутиб олиши кераклигидан жуда норози. Вақтинча чора сифатида "растаможка"ни тушириш ёки одамлар кутган вақтига компенсация тўлаш ёхуд ЎзАвтонинг ўзи бошқа моделларни ортиқча тўловларсиз ички бозорга олиб келишини таклиф қиладиган бирор ақлли йўқ.

Гапирсак, албатта, гап кўп. Лекин қўшниларимизда бўлаётган воқеалар бизда ҳам такрорланишининг олдини олишимиз керак. Ҳозирча бунга вақтимиз ва имконимиз етарли.

Баҳодир Ғаниев

@platformauzb