Get Mystery Box with random crypto!

Вазият аниқ, профессионал изоҳ йўқ Мен бир нарсани тушунмаяпм | platforma.uz

Вазият аниқ, профессионал изоҳ йўқ

Мен бир нарсани тушунмаяпман. Ён қўшнимиз бўлган Қозоғистонда бир неча кундан буён нотинчлик. Бу хавотирли вазият бовурларимиз қатори бизни ҳам безовта қилаётгани бор гап. Бироқ вазиятга аниқ, профессионал изоҳ жуда кам.

Ижтимоий тармоқлар, блоклар, сайтлар ўз мафкураси, дунёқараши ва эътиқодидан келиб чиқиб масалани шарҳлаётир. Жамият буни ўзига сингдираётир. Бу ҳам хавотирли ҳолатми, йўқми?

Мен хавотирли, деб биламан. Масалани жим кузатиш, турли провакацион мафкураларнинг урчишига йўл бериш, нафақат хавфли, балки хиёнат, деб қараш ҳам мумкин. Қаранг, шунча воқеа-ҳодиса бўлаётир расмий ОАВмиз жим. ТИВнинг мурожаатлари ва Президентимизнинг телефон сўзлашувини ҳисобга олмаганда, албатта.

Аслида қандай бўлиши керак эди? Менинг назаримда, биздаги илмий-сиёсий контингент ТВ ва бошқа ОАВда қўшни давлатда бўлаётган воқеалар ва уларнинг нафақат Қозоғистон, балки минтақамиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётига таъсири ҳақида шарҳлар бериши, экспертларнинг фикрлари, сиёсатчиларнинг бу борадаги ечимларини бериши керак эди.

Қаерда шунча сиёсатшуносларимиз? Нега улар шундай паллада кўринмаяпти? Ёки бизда бутун бир Марказий Осиё сиёсати билан шуғулланадиган институт бор. Адашмасам, ўтган йили очилганди. Улар нима иш қилишади? Бир бирига ёпиқ ҳисобот жўнатишадими?

Шундай пайтда улар ишламаса, жамиятга атрофимизда нималар бўлаётганини айтиб, одамларни огоҳликка чорламаса улар нега керак? Уларга ажратилаётган миллиардлаб пул (халқ пули) уларнинг кибор ҳаёт кечиришлари учунми?...

Тушуниш қийин. Бу институт ўз номи билан минтақа жамиятларини ўрганишга ихтисослашган. Бироқ... Майли, буни жавобини берадиган одамлар бордир. Мени ўйлантирадиган энг муҳим масала эса бундай кескин вазиятларда одамларимизга тўғри ахборот бериш, фитналарга учмаслигини, алданмасликларини таъминлаш. Бундай ишларни қиладиган қўштирноқ ичидаги дўстларимиз, оғаларимиз эса, албатта, бор.
@platformauzb