Get Mystery Box with random crypto!

2018 йили май ойида Қўйлиқ томон кетаётган Isuzu автобуси, олд | Муҳрим

2018 йили май ойида Қўйлиқ томон кетаётган Isuzu автобуси, олдидан кутилмаганда Nexia сапчиб чиқиб қолгани оқибатида, Толариқ ариғига қулаганди. Ағанаган вақти автобус салонида 20 га яқин йўловчи бўлган. Ўшанда орадан бир ҳафталар ўтиб берилган хабарларда ҳам қоидабузар Nexia ҳали ҳам топилмагани айтилганди. Умуман топилмаган бўлса керак.

Шу воқеадан сўнг, худди ўша 2018 йилнинг май ойида «Тошшаҳартрансхизмат» энди шаҳардаги барча йўловчи автобусларга босқичма-босқич видеорегистраторлар ўрнатиб чиқилишини эълон қилганди. «Бу эҳтимолий ЙТҲлар ва қоидабузарликларни батафсил ўрганиш ва таҳлил қилиш имконини беради», — деганди компания вакиллари.

Одамлар эса автобусларга ҳайдовчининг хатти-ҳаракатларини ёзиб борадиган камералар ҳам ўрнатишни таклиф қилганди. «Ана шунда рулда телефонда гаплашадиган, катта тезликда ҳаракатланаётиб пул санайдиган, бошқа автобуслар билан пойга ўйнайдиган ҳайдовчиларни аниқлаш ва жазолаш осонроқ бўларди», — деганди одамлар.

Нега салкам беш йил аввалги бу гапларни эслаб қолдим ҳозир? Президентнинг ўтган ҳафтадаги “сеҳрли тепки”сидан кейин ИИВга бириктирилган пойтахт транспортига масъуллар яна автобусларга видеорегистраторлар ўрнатиш ҳақида гапирибди – бу сафар машинасини йўл четига қоидага зид парковка қилиб кетганларга қарши ишлатиларкан.

Кўрамиз, айтилган гап амалга ошармикин, амалга ошгач, қоидабузарларга қарши жазо муқаррарлиги таъминланармикин. Биринчиси (видеорегистраторлар ўрнатилиши)дан кўра иккинчиси (қоидабузар ким бўлишидан қатъий назар, жазо муқаррарлиги) амалга ошса, ҳам ҳайратланарли, ҳам таъсирли бўларди.