Get Mystery Box with random crypto!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бошланғич диний таълимни ота | HAZRATIM

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бошланғич диний таълимни оталаридан оладилар.

Ўрта мактабни тугатгач, 1970-йили Бухородаги Мир Араб Мадрасасига ўқишга кирадилар. У пайтларда мадараса таълими етти йиллик бўлган. Қаҳрамонимиз билимларига кўра 4-курсга қабул қилинадилар.

Мадрасани битиргач, Олий Маъҳадда – Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида таҳсилни давом эттириш учун имтиҳон топширадилар ва бир йўла 3-курсга қабул қилинадилар. Шунинг учун ҳам у кишини ўша талабалик чоғларидаёқ “Пешқадам”, деб номлашган эди.

1975-йилдан “Совет Шарқи мусулмонлари” журналида
фаолият бошлайдилар. Сўнгра Ливиянинг Триполи шаҳридаги “Исломий даъват факультети” номини олган университетга ўқишга кирадилар ва у ерда 4 йил таҳсил олиб, 1980-йили факультетни имтиёзли даражада битириб, юртга қайтдилар.

Шундан сўнг Шайх ҳазратлари Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида бир неча йил мударрислик қилдилар ҳамда мудир муовини ва мудир вазифасида фаолият юритдилар. Айни вақтда Диний идоранинг халқаро бўлимида таржимонлик ҳам қилдилар.

Шайх ҳазратлари 1989-йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси этиб тайинландилар. У киши мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси бўлдилар. Айни пайтда Собиқ Совет Олий Кенгашига ҳам депутат этиб сайлангандилар.

Шайх ҳазратлари ўз муфтийлик даврларида Марказий Осиё мусулмонлари учун жуда улкан хизматларни қилганлар. Минтақа ҳаётида катта бурилиш ясашда беқиёс ҳисса қўшганлар. У кишининг саъй ҳаракатлари билан кўплаб масжид мадрасалар очилган, оммавий равишда ҳаж сафарига бориш йўлга қўйилган, ҳожиларимиз бир неча йил Саудия подшоҳи меҳмони бўлишган ва бошқа сон саноқсиз буюк ишлар амалга оширилган.