Get Mystery Box with random crypto!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ўнлаб нуф | HAZRATIM

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ўнлаб нуфузли халқаро ташкилотлар аъзоси эдилар. Юзлаб илмий анжуманлар, халқаро йиғинларда Ўзбекистон ва Ўрта Осиё мусулмонлари номидан иштирок этганлар.

Шу эътибордан у киши ўлкамиз мусулмонларининг Ислом оламидаги вакили, халқимизнинг “юз”и эдилар. Шайх Ҳазратлари Исломга қилган хизматлари учун халқаро ташкилотлар тарафидан бир неча бор фахрий ёрлиқ ва орденлар олганлар.

Шайх ҳазратлари ўзбекзабон халқлар учун тафсир, ҳидис, фиқҳ, тасаввуф ва деярли барча исломий илмларга бағишланган юз жилддан ортиқ илмий асарлар қолдирдилар.

У киши омма ўзбек халқи учун Қуръони Карим ҳамда ҳадиси шариф маънолари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари, Ислом шариатини ўрганишлари йўлида биринчи от сурган чавандоз бўлдилар.

Бир қанча овозли ҳамда суратли суҳбатлар, туркум дарслар, савол-жавоблар ҳам у кишидан улкан илмий мерос бўлиб қолди.

У кишининг раҳбарлигида халқаро интернет тармоғида ўзбек тилидаги соф исломий саҳифага асос солинди. Ушбу “Ислом.уз” сайти ўзбек тилидаги энг фаол ва аъзоси энг кўп саҳифа ҳисобланади. “Ислом.уз” портали асосида турли мавзуларга бағишланган йигирмадан ортиқ саҳифа ҳам яратилди. Ҳар бир саҳифа ўз мавзусида энг бой ва энг фаол сайтларга айланди.

Шайх ҳазратлари соф Исломни ўрганиш ва ўргатиш йўлида янги бир мактабга асос солдилар. Юзлаб шогирдлар чиқардилар, тарбияладилар. У кишига ғойибона шогирд бўлганларнинг эса сон-аноғи йўқ.

Бир қанча асарлари рус тилига таржима қилинди. У кишининг ташаббуслари билан русийзабон халқларга ҳам улкан исломий илмлар етиб бормоқда. Ушбу илмий ҳаракатларнинг самараси ўлароқ минтақада ихтилофлар, келишмовчиликлар, бузғунчиликлар бартараф бўлди ва турли фитналарнинг олди олинди.