Get Mystery Box with random crypto!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, | HAZRATIM

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

“Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, Унга қайтгувчимиз. Боқийлик Аллоҳга хос”.

Ҳижрий 1436-сана 19-Жумодул аввал, 2015-йил 10-Март Сешанба оқшоми мусулмон уммати, хусусан, Мовароуннаҳр халқи улкан мусибатга учради.

Миллатимиз фахри, улуғ аллома, фақиҳ, муҳаддис, муфассир, мутафаккир, муршид, зоҳид, баркамол шахсият, буюк одамийлик соҳиби Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўткинчи дунёни тарк этиб, Аллоҳнинг ҳузурига йўл олдилар.

Шайх ҳазратлари ҳижрий 1371-санада Ражаб ойининг 20инчсида, милодий 1952-йил 15-Апрел Сешанба куни Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти Асака туманида, Ниёзботир қишлоғида илму диёнат оиласида – Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топдилар.

1961-йил Муҳаммад Юсуф домла Бухоро мадрасасини битириб келгач, бу оила хизмат юзасидан Андижоннинг Булоқбоши туманига кўчиб ўтишди.