Get Mystery Box with random crypto!

Хорижда алоқа харажати қанчага тушади? Алоқа - саёҳатдаги | Gazetchi.uz

Хорижда алоқа харажати қанчага тушади?

Алоқа - саёҳатдаги энг зарур эҳтиёжлардан бири. Қайси давлатга бормайлик, учоғимиз ерга қўниши билан "вай-фай"га уланишга ёки сим-карта сотиладиган ерни қидиришга тушамиз.

Шунда қабул қилиш учун бизда 3 хил танлов бўлади:
1. роуминг пакетини ёқтириш;
2. ўша давлат сим-картасини сотиб олиш;
3. сим-карта олмасдан, фақат "вай-фай"лар тараладиган жойлардагина (меҳмонхона, емакхона, айрим уловар) интернетдан фойдаланиш.

1-усул. Роуминг доим ҳам қиммат пакет эмас. Масалан, шу сафарги саёҳатимда 4 Гб интернет ва 20 дақиқалик қўнғироқ учун 109 000 сўмлик роуминг хизматидан фойдаландим (Билайн компанияси). Менга қулай жиҳати бу хизмат Озарбайжон, Россия ва Грузияда бирдек амал қилди. Аммо Туркияга ўтишим билан атиги 300 Мб учун 59 000 минг сўм роуминг пакети олишимга тўғри келди.

2-усул. Сим-карталар нархи турли давлатларда турлича: 20-50 АҚШ доллари атрофида. Заруратингизга қараб сотиб олаверасиз. Масалан, менга бу гал 1-усул кўпроқ маъқул бўлди. Агар ҳар бир давлатда алоҳида сим-карта сотиб олганимда, алоқа учун энг камида жами 100 АҚШ доллари сарф қилган бўлардим.

3-усул. Агар ўта зарур бўлмаса, чет элга бориб алоқадан узилинг. Борган давлатингиздан тўлалигича баҳра олинг. Интернетга кетган вақтингизни кўпроқ таассуротлар учун сарфланг. "Вай-фай" таралган ҳудудлардагина бир уланиб олиб, яқинлар билан алоқага киришишингиз мумкин. Бу учун қиладиган сарфингиз эса ёнингизда қолади.

Демак, усуллар маълум, қай бирини эҳтиёжга кўра танлаш эса сизга ҳавола.

Айни дамда биз кезиб юрган давлатларда интернет тезлиги асаббузар даражада паст экан. Бу бўйича давлатлар статистикасига қарасам, асабимиз бузилгани сабаби қуйидагича экан:

- Россия 49-ўринда (70,7 Мбит/сония). Бироз юқорироқ кўрсаткич, аммо аксар ижтимоий тармоқлар "ВПН"сиз ишламайди;
- Ўзбекистон 82-ўрин (41,40 Мбит/сония);
- Туркия 103-ўрин (29,40 Мбит/сония);
- Озарбайжон 118-ўрин (22,00 Мбит/сония)
- Грузия 126-ўрин (19,89 Мбит/сония).

Шу билан ҳаммаси англашилди. Начора. Ҳозирча шулар эди...

Каналга уланиш: @gazetchiuz