Get Mystery Box with random crypto!

Исломга тегманг! Аслида бу нозик мавзу, чунки инсоннинг эъ | Gazetchi.uz

Исломга тегманг!

Аслида бу нозик мавзу, чунки инсоннинг эътиқоди билан боғлиқ масала. Ёзганда чуқур ўйлаб ёзиш керак, ки тафаккур қилиш Исломда ҳам буюрилган. Хижоб, рўмол, бурқа, соқол, араб тили кун мавзуларидан ҳеч тушмас экан, ижтимоий тармоқларни кузатиб, мен ҳам ҳамма қатори ўз фикримни билдирай дедим.

Негадир биродарларимиз баъзан диний бахсларда турли ҳақорат, қарғиш, таҳдид, мазах ва шу каби усуллардан фойдаланишади? Тафаккур қилингчи, Ислом шуни буюрадими? Бу билан бошқа диндагилар ва иймон келтириши мумкин бўлган атеистларда ҳам Исломга баттар антипатия уйғотиб қўяётганингизни ҳеч англайсизми? Агар сизнинг ҳаддингиз шу бўлса, Ислом бундай "ҳимоя"га муҳтож эмас!

У энг гўзал, энг пок, энг ҳафиф, энг, энг, энг тоза амаллар билан зийнатланган дин! Уни ҳақоратлар, лақаблар, пўписалар билан "ҳимоя" қилманг. Иродангиз етса, бир динсизни ёки ҳали англамаганни унинг нақадар гўзал дин эканлигига ишонтира олинг, иймонга киришига сабабчи бўлинг.

Иймон калимасини келтирган ҳар кас борки, қолган амаллари унинг ўзигагина тегишли бир мавзу. Иймони кучлими - амал қилади, заифми - Кун келганда жавобини ўзи беради, ҳали англамаганми - демак, сизнинг бир гўзал йўриғингизга муҳтож. Буни эплолмайсизми - Исломга тегманг! Ўз ибодатингиз билан машғул бўлинг. Диннинг оғир масъулиятини иродалиларгина кўтара олади.

Оғир-босиқ, сабрли, қобил пайғамбарларни эсланг. Ва яна бу йўлда жахл ортидан билиб-билмай постлар, изоҳлар ёзиб қўяётган аҳли илмларни ҳам садоқатга тўла "фикр"ларингиз билан ҳимоя қилишга шошилманг. Улар ҳам хом сут эмган банда. Адашишга ҳақли. Тафаккурингиз етса, вақти келганда шу устозларни ҳам адашганини эслатинг. Шахсларга эмас, динга эргашинг.

Эй, иймон келтирган биродарларим! Ибодатларингизда адашганларга иймон ва инсоф сўранг. Калимали оғзингиз, тасбеҳли бармоқларингиз билан ҳақорат ва лақаблашдан тийилинг. Илтимос, тафаккурингиз етгани қадар бу мавзуга аралашинг. Оллоҳ ҳаммамизни Жаннатлар билан сийласин! Бунга борар йўл эса тозалик устига қурилган охирги дин ҳамда унинг ҳафиф ва покизалигидан сармаст мўмингагина насиб этади, иншааллоҳ.

Унутманг! Исломда сўкиш йўқ! Лақаб қўйиш йўқ! Мазах қилиш йўқ! Таҳдид ва мажбурлаш йўқ! Соф динимизни бу каби радикализмдан узоқ тутайлик.

Мен англаган Ислом шундай.

Сардорбек Усмоний

Каналга уланиш:
@gazetchiuz