Get Mystery Box with random crypto!

Саргузаштлар давом этади (1-қисм) 27.08.2022, соат 00:10. Бу | Gazetchi.uz

Саргузаштлар давом этади (1-қисм)

27.08.2022, соат 00:10. Бу қўрқинчли, лекин давоми жуда қизиқ тушга ўхшарди...

Истанбулдан Баку орқали Тошкент рейсига кечикиб кетганим учун узоқ ўйлаб, ишдан яна 7 кунга рухсат олиб, Ватанга яна "Жадидлар йўналиши"да қайтишга қарор қилдим. Аслида ният шундай бўлган эди. Ниятга яраша амал бўладиган бўлди. Бу бироз таваккалроқ, аммо арзонроқ йўналиш.

Истанбулнинг "Оқсаройи"дан автобусда 30 соат юриб, Тбилисининг "Ортачала" автовокзалига етиб келдик. Бир марталик тажрибам борлиги учун автобусдан тушишим билан шартта "Дидубе" метросига бориб, Россиянинг Владикавказ шаҳрига такси гаплашдим.

Машина "Lada Priora", ҳайдовчи кавказча шевали, қўполроқ йигит эди. Кетиш навбати уники, начора, минсам тўладиган машинасига ўтиришим билан юрдик.

Грузия-Россия чегарасидан ўтиш у ерга бориш ниятингиз туғилганидан бошлаб катта курашга айланади. Хароб довон йўлларидан чегарага томон машиналар бир-бирини қувлаб боради. Ҳар бир қувлаб ўтган машинангиз сизга чегарадаги суткалик тирбандликларда олдингизда турмайди.

Ҳайдовчимиз Шумахер чиқди. Йўлларда юзлаб енгил-оғир машиналарни қувлаб ўтиб, 2 соатгина деганда чегарага олиб келиб қўйди. Ва қўрқинчли туш шу чегарадан бошланди.

"Шумахер"имиз бизга юкларни машинада қолдириб, паспорт-назоратидан ўтишимизни, ўзи эса назоратдан ўтиб, бизни пастроқда кутиб туришини айтди. Мен паспорт ва пул солинган ён сумкамнигина олиб, Грузия чегара постидан ўтдим. Шерикларим россиялик оила эди. Улар ҳам баравар ўтишди. Жомадонларимиз машинада қолган.

Нейтрал ҳудудга кирдик - на Грузия, на Россия. Соат эса тунги 00:30. Энди кетамиз деб уловимизни қидирамиз - бизнинг "Priora"миз ҳеч қаерда кўринмайди. Уёққа қараймиз, буёққа қараймиз, машинадан дом-дарак йўқ. У айтгандек, пастроқларга ҳам бориб-келдик. Қоп-қоронғу тоғ йўлида машина кўринмайди. Охири қайтиб келиб, чегарадаги полицияга мурожаат қилдик. Мен машинани суратга тушириб олгандим. Суратни хизмат ходимларига кўрсатиб, вазиятни тушунтирдик.

Улар ҳам хотиржамгина: "Биз билмаймиз, йўқолган бўлса, бошқа машина топинглар", - дейишди. Дахшат! Мен эса доимгидек бу саргузаштнинг давоми нима билан тугашига қизиқяпман. Шерикларим эса ҳанг-манг...

Давомини кейинроқ ёзаман.

Сардорбек Усмоний


Каналга уланиш:
@gazetchiuz