Get Mystery Box with random crypto!

Бу кишилар (шарпалар)нинг ҳайратига ҳайрон қоласиз. Улар мушак | Foydali Taqriz

Бу кишилар (шарпалар)нинг ҳайратига ҳайрон қоласиз. Улар мушак отса ҳам ҳайрон боқади, Патефон куйласа ҳам ҳайрон қолади, Файтон ўтса ҳам ҳайрон тикилади, нимайки кўрса оғзи очилади...
Университетдаги бир домламиз, ХХ аср бошларида Тошкентга илк бор олиб келинган трамвай ҳақида сўзлаб берганлари ҳамон эсимда. Ўшанда ҳам авом қўрқиб, уч кунгача уй-уйларидан чиқмай ўтирганини, бу “баҳайбат махлуқ”нинг ўт чиқувчи улкан шоҳларидан ваҳимага тушган маҳаллий халқ охирзамон келди, Гирмон деган бало келди, яжуж-мажуж келди дея ваҳима қилганларини эшитганда аудитория қотиб-қотиб кулган эди. Аммо бу куладиган тарих эмасди. Юз йил олдинги аҳволимиз нақадар шармандали бўлганини фош этувчи ҳақиқат эди бу.
“Шум бола” фильмидаги кўкноричи чолларнинг Гирмон билан бўладиган уруш ҳақидаги лофларини, Абу Муслим жангномасини йиғлаб ўқиётган чаламуллаларни кўриб яна Қаҳҳорни эсга оламиз.
Биринчи жаҳон уруши бошланганини ўзбек халқи орадан олти ой ўтгандан кейин эшитганини билиб ҳайратланамиз. Бугун бизга бир секундда етиб келувчи бу ахборотлар замонида туриб, ўзимизга савол берамиз: наҳот шунча қолоқ эдик-а...
Қаҳҳор бу қиссани нега ёзди дерсиз? Унинг асл мақсади ўтмишни қоралашмиди ёки динни қоралашмиди? Октябр инқилобининг 50 йиллигига деб бағишлов ёзган ёзувчидан бошқа нимани кутардик дейсиз-да. Балки, шундайдир. Қаҳҳор асарларида диний фикрларни сўроқ остига олиш кўп учраб туради. Лекин нима бўлгандаям, адиб ўзи кўрган болалик лавҳаларини рўй-рост сўзлаб беришни истаганди. Ўн еттита бобда такрор-такрор келадиган кўчманчилик, феодал эркаклар, эрксиз аёллар, очкўз домлалар, саводсиз болалар, қорни қаппайган амалдорлар, ном-нишонсиз девоналар – сираям эртак қаҳрамонлари эмас. Адиб балки цензурадан чўчиб туриб, ўтмишини эртак деб атагандир. Аммо такрор айтай, бу нарсалар сира-сира эртак эмас, хаёлий эмас.
Қаҳҳор кўрган Савринисо, Валихон сўфи, Тўрақул Вофуруш, Оқ домла ва Учармахсум, Али Лайлак, Додархўжа, Бабар ҳамда йиғлоқи кампирлар сираям ўйлаб топилган “қаҳрамонлар” эмас. Бу нусхалар – сўнгги хонликдан қолган ноёб “тирик одамлар”дир.
Сўнгги хонлик одами ҳам шундай эди-да. У онгини таниши билан саводсиз ва золим ота, муштипар ва серфарзанд онаси билан лойсувоқ ва тор уй бағрида ўсиб улғаяр, пастқам ҳамда совуқ мадрасада эскича хат ўрганар, балоғатга етгунича таълим олар, калтак ҳам ер, оқибатда бу мафтункор дунёга ҳам “устозлари” кўзи ила олазарак боқадиган бўлиб ўсар эди. Ночорлик уларни шу даражада имконсизликка чўктириб қўярдики, қаердандир нажот келишини ўзлари ҳам англолмасдилар. Ҳолбуки эса, бу даврда Европа ва Америка тарафларда ҳаёт гуркираб ривож топиб, автомобиль, самолёт, дирижабль, метро, поезд, элекр токи, радиотелефон, фотоаппарат, кино каби “мўъжизалар” ихтиро қилиниб, маиший ҳаётга кириб келган паллалар эди.
Бизда эса ҳалигача бидъат, хурофот шамоллари – ташқи дунёдан ҳимояланган бу оломоннинг янгиликка хуши йўқ эди. У на рус ҳамширасига ишонар, на докторига. Ҳаммасини “кофир” санаб, фарзандини туғруқхонада дунёга келишини истамаган одамларимиз учун оддий магнитнинг тортиш кучи ҳамда граммафон ичидан чиқаётган товушлар ҳам сеҳр-жоду бўлиб туюладиган замон эди бу. Шогирдвачча Кулаланинг болаларга магнит билан кўрсатган томошаси ҳам уста Абдуқаҳҳорнинг бошига анчагина ташвишларни олиб келади. Дуохонлик, сеҳр-жоду, иссиқ-совуқ, чилёсиндек одатларга боғланиб қолган бу авомнинг “магнит” ҳақида тасаввури қаёқдан бўлсин? Беморларни хивчин билан савалаб ва қора товуқ билан қонлаб юрган, ҳар саҳарда эшонларга аврод ўқитиб, дуоли қоғозларни сувга эзиб ичирувчи, сичқон сурди ва яна кўплаб хурофотлар қилиб келган бу кампирлар янги шаҳар тарафларда иш бошлаган замонавий касалхона ва ундаги докторлар ҳақида қаёқдан билсин ахир?
Қиссадаги болакай (муаллиф) ҳам дастлаб ташқи дунёга “эскича” кўз билан қарайди. Дадаси минадиган аравани “шайтон арава” деб номлайди. Бозоршабга чиққанларида самоварда кўрган антиқа карнайгул – қўшиқ айтувчи граммафонни “мошина-қўшиқ” деб атайди. Ташқи оламда нимага дуч келса дастлаб ҳайрат ва қўрқув билан қаршилайди-ю, кейин унга мослашиб, сўнггида уни тафаккури билан номлаб олади.

Davomi