Get Mystery Box with random crypto!

#men_tugatgan_kitob ОҚ-ҚОРА ЗАМОНЛАР... “Ўтмишдан эртаклар” | Foydali Taqriz

#men_tugatgan_kitob

ОҚ-ҚОРА ЗАМОНЛАР...

“Ўтмишдан эртаклар” қиссаси ҳақида

“Қўқоннинг бўри бўлиб увлайдиган, мушук бўлиб вағиллайдиган куз шамоли бошланди”
“Уруш деб шаҳарга кўчган эдик, қани уруш”
“Ленин бой билан камбағални баравар қилади, бойни камбағал қиладими ёки камбағални бой қиладими?”
“Зингер тиккан кийим намозликка ярамайди”
“Менинг неварам ўриснинг қўлида туғилар экан! Вой, неварагинамнинг қулоғига ким азон айтади...”
“Аямнинг назарида қора эчки жин бўлиши керак..”
“Қўрқма, зовут, Мираббийбойнинг зовути, одам чақиряпти”
“Қаерга борсам келгиндиман... болалар ўйинга қўшмайди”
Бу мен ўқиб тугаллаган асардан парчалар. Яқин ўтмишнинг “ҳақиқатлари” акс этган иқтибослар. Абдулла Қаҳҳорнинг болалигидан қолмиш хотиралар...
Агар кимдир вақт машинасини ихтиро қилиб, ўтмишга қайтишга эшик очиб берганида кўпчилик иккиланмай олис-олис замонларга саёҳат қилиши муқаррар эди. Ахир олисдаги нарса доим сирли. Бироқ... бор-йўғи юз йилгина ортга қайтиш учун имкон топилса нима қилар эдингиз? Қайси макон, қайси тақвимни танлашингиз мумкин эди? Саволим албатта утопия. Афсуски, бизда бундай танлов йўқ ва бўлмаган. Буларнинг бари хом-хаёл. Аммо улкан истеъдод соҳиблари – ёзувчиларда ўтмишга қайтишнинг сирли йўллари азал-азалдан мавжуд бўлиб келмоқда. Бунинг учун Шурикнинг ихтиросию Г.Уэллснинг вақт машинаси ҳам шарт эмас. Оппоқ қоғоз ҳамда қора қалам (шиқирловчи машинка) бўлса кифоя экан.
Абдулла Қаҳҳор ўз ўтмишига саёҳатни амалга ошириб, китобхонлар авлоди учун вақт туйнугини очиб бериб кетганига ҳам ярим аср бўлиб қолибди. Бу орада йигирманчи асрнинг “кирли ва қоронғи” замонлари ичра ҳали-ҳануз тентираб юрган ном-нишонсиз кишиларнинг хурофий ва фожиавий ҳаётлари, миллатнинг гени ва руҳига оид разолатлар, феодализм чуқуридаги жоҳилларнинг кулгули ва шармандали иллатлари ҳамда ўзбек хонликларининг фожиалари ўқувчилар кўз олдида эски кинолардаги оқ-қора тасмалардек ўтиб турибди.
Муаллиф бу асарини ҳасталик авжига олган олтмиш ёши арафасида қоғозга туширади. “Болалигимда зеҳнимга чўкиб қолган хотиралар уйғонди, юзага чиқди, ўша вақтдаги халқ ҳаёти кўз олдимга келди” дейди сўзбошисида.
Ўқувчилар унга: “Сиз ўтмишни қаламга олганингизда баъзан уйдирмачиликка берилиб кетасиз” дея танбеҳ беришгани учун, “ўз кўзим билан кўрганларимни, кечирганларимни, ўтмиш ҳаёт лавҳаларидан эсимда қолганларини қаламга олгим келиб қолди” деб жавоб беради.
Устози А.П.Чехов унга муборак кўзойнагини туҳфа қилганини, айнан шу кўзойнак билан халқимизнинг кирли ўтмишига назар солганини алоҳида эътироф этади. Хўш, бу кўзойнак билан адиб нималарни кўра олди экан? Китобхонга шуниси қизиқ!
Ўқувчилар китоб саҳифаларини варақлаётганида Қаҳҳорнинг кўзойнагини “тақиб олади”. Бу орада мен ҳам тақдим. Энди эса бу сеҳрли кўзойнакда нималарни кўрганимни қисқача баён этаман.
Хуллас, кўз олдимдан оқ-қора тасмалар лип-лип ўта бошлади.
Мана ўша Қўқон, ХХ аср, Оқ пошшо даври... Пастқам лойсувоқ уйлар... Торгина кўчалардан ўтаётган аравалар... Паранжили аёллар...
... Шайтон араванинг шувиллаб ўтишидан юраги ёрилиб ўлган кампир...
... Дуо ёзилган қоғозчаларни сувда эзиб ичган она...
... Қаерга борса бир фалокатга йўлиқувчи, дарбадар темирчи ота...
... Зулмкор отанинг қаҳри билан эрга тегаётиб ўлиб қолган қиз Савринисо..
... Хасисликда ҳам, заҳарликда ҳам ўта ёмон тақводор кампир...
... Отасининг давлатида ўйнаб кулиб, саводсиз қолган ва чироғпоя қилинган Валихон Сўфи...
... Қоп-қора қўнғизга ўхшаган “Зингер”га ҳайрат ва шубҳа, хавотир ва мароқ билан қараётган тумонат болалар..
... Умрида биринчи марта Патефонни кўраётиб уни Карнайгул деб атаб туриб, ҳайратланган бола Абдулла...
Устоз Иброҳим Ғафуров бу кишиларни “Чарх одамлари” деб ёзади.
Чарх одамлари – ўтмиш шарпалари, давр соялари...
Улар шунчалик қобиқдаки, содда сўзи мақтовдек эшитилади. Улар шунчалик тубандаки, мақтов ҳақоратдек туюлади.

Davomi