Get Mystery Box with random crypto!

Ва то улғайиб, дунё танигунча бу қолипдан чиқиб кета олмайди. | Foydali Taqriz

Ва то улғайиб, дунё танигунча бу қолипдан чиқиб кета олмайди. Қиссадаги кишиларнинг деярли ҳаммаси ҳам унинг каби фикрлайдилар. Бутун умрини чиғаноқдек ўз қобиғида ўтказиб юборадилару, ўз таъсирини шу болаларга қолдириб кетадилар. Муаллиф шу нарсаларга ўз бола нигоҳи билан урғу берар экан, ХХ асрнинг бошида бу каби таназзул ва миллатнинг хурофот фожиаси авж нуқтасига етаётганини, паймона тўлиб бораётганини ҳамда тез орада янгича ҳаёт бошланажагини пинҳоний равишда уқтириб, англатиб боради. Ахир ҳамма нарсанинг охири бор. Ҳар бир тун ортидан янги кун келади, демоқчидек бўлади адиб қисса якунида. Аммо у кўрган-кечирган хотиралар замирида ўша куннинг келиши жуда қийин кечади.
Одамни ўзгартириш осон эмас. Уни тузумлар ёки янгиликлар ўзгартириши мумкин экан. Дастлаб, ҳар қандай мўъжиза ва кашфиётга “куфр” кўзи билан қараган халқ бора-бора бунга кўникади. Қанча одамнинг ҳаётини сақлаб қолишга беҳуда уринган амаллар: “чилёсин”лару “дуо қоғозчалар”, қориларнинг дуолари бориб-бориб оқ ҳалатли “маржа” – рус доялари ва ҳамшираларига ўрнини бўшатиб беради. Аввал фақат диний илм ўқиган болалар, русларнинг таъсирида дунёвий илмларни ўқишга киришадилар, соқолларини қириб, хорижликлар каби кийим-кечак киядилар. Машина, трамвай, электр, радио, граммофон, фотосурат каби мўъжизаларга кўникиб бориб, янгича қиёфа касб эта бошлайдилар. Биз “Эртаклар”да ўқиган давр айнан ўша ўтиш даври ҳақида бўлса ажабмас. Ундаги кишилар гўё катта кўприк олдида туришибди-ю, бу ёғига ким ўтади, ким қолиб кетади, якунда кўринади. Эски одамлар кўплашиб “қолоқ ҳаёт”да қолиб кетишса, муаллиф ва унинг тенгдошлари тараққиёт сари дадил юриб, порлоқ ҳаётга кириб келадилар. Ва ХХ аср кишиларининг иккинчи типи – дунёга интилган, интеллектуал авлод пайдо бўлади. Қаҳҳор яшаган замон айнан шундай эди наздимда. Балки ушбу қисса совет пропагандаси таъсирида битилган, муаллифда русларга хайрихоҳлик бўлган деган фикрлар ҳам келиб чиқиши мумкиндир ўқувчиларда. Бу ҳақида бир нима дейиш қийин. Ҳар бир бадиий асарда бўлганидек муаллиф бу ерда шунчаки “кўрсатиб беради”. Хулосани китобхонни ўзи чиқаради.

Timur Tangribergenov

@foydali_taqriz