2022-08-11 10:04:38
УСТОЗИМ
Куни кеча 2022 йил 10 августда буюк устозимиз домла Шоди ҳазратлари вафот этдилар. Бугун 11 август куни пешин намозидан сўнг жаноза намози ўқилади. Устоз 1982 йилдан то умрларининг охиригача Ургутда бош имом хатиб лавозимида ишлаб келдилар. Халқимизнинг яхши ва ёмон кунларида доимо бирга бўлдилар. Устозимиз доимо халқимизни диний аҳволидан ташвишда эдилар. Мустақилликдан олдинги қайта қуриш йиллари устоз ёшларга илм бериш мақсадида ўз ҳаракатларини бошладилар. 1988 йилда бизнинг маҳалламиздаги фаол отахонлардан бўлган устозимиз Мулла Аҳмад бобо, Аҳтам бобо, Бозор боболар билан биргаликда ёшларга диний таълим беришни бошладилар. Юқорида номлари зикр қилинган отахонлар домла учун ўз уйларини мадраса қилиб бердилар. Ўша пайтлар домланинг қизил жигули машиналари бўлар эди. Ҳар куни қатнаб талабаларга қуръон, тажвид, араб тили, туркий ёзувдан дарс бердилар. 1990 йиллар атрофида ўша пайтдаги марказий масжид бўлмиш “Чўбин” масжиди қошида мадраса очишни ният қилдилар. Бироз муддат мадраса норасмий ҳолатда фаолият кўрсатиб турди. Ўшанда бизга дарс бериш асносида илмга бизни тарғиб қилар, “сизларни чет элларда ўқитаман, Мисрга юбораман”, деб руҳлантириб турар эдилар. Дарҳақиқат ўша пайтларда Ургутдан жуда кўп ёшлар устознинг хизматлари билан Мисрга ўқишга кетди. Таъбир жоиз бўлса, ўша пайтда Ўзбекистондан кетган ёшларнинг деярли ярми Ургутдан эди.
Домла Шоди ҳазратлари Қашқадарёлик устоз Элмурод домла билан биргаликда мадраса очиш учун кўп югурдилар. Аллоҳ насиб қилган экан Элмурод домла Китоб шаҳрида мадраса очдилар. Бугун бу мадраса элимиз хизматида. Аммо домла Шоди устозимизга қандайдир сабаблар билан Ургутда мадраса очиш насиб бўлмади. Умид қиламизки, устозга ҳам мадраса очиш ажри берилди. Домла бу билан тўхтаб қолмадилар. Наманганга, Қўқонга бориб биз учун дарс берадиган устоз қидирдилар. Қўқондан, Қашқадарёдан тўртта қори устозларимизни Ургутга олиб келиб, уларни уй-жой, егулик билан таъминлаб, уларни ҳимоя қилиб турдилар. Қори устозларимиз анча йиллар Ургутда дарс бериб юрдилар. Домла Шоди ҳазратлари уларни ҳар томонлама ҳимоя қилиб, қўллаб турдилар.
Домла доимо имомлар ва қориларни ҳимоя қилиб юрар эдилар. Давлатманд кишиларни уларга ёрдам беришга, уларни қўллашга доимо даъват қилиб юрар эдилар. У киши бизга: “Кишилар очган заводи ва фабрикаси билан фахрланади. Менинг заводим ҳам, фабрикам ҳам сизлар!”, дер эдилар.
Домланинг Ургут марказий жомиъ масжидининг очилишида ўринлари ниҳоятда беқиёс. Аввало масжид қурилишида, қолаверса унинг очилишида, адлиядан ўтишида домла катта меҳнат қилдилар. Масжид қурилишида ишлаганлар билади, қурилиш ниҳоятда масъулиятли ва оғирдир. Масжид халқимиз ва жуда кўп ҳомийлар ёрдамида қуриб битказилди. Айтишимиз мумкинки, масжид ёлғиз домланинг ташаббуслари ва хизматлари билан бунёд бўлди. Масжид республикада энг катта хонақоҳга эга десак муболаға қилмаган бўламиз. Иншааллоҳ домланинг номаи-аъмолларидан масжид қурилиши ҳам жой олади деган умиддаман.
Домла масжид очилишидан бирор йил илгари мени қаерда кўрсалар “сизга бир янгилик бор” деб юрар эдилар. Масжид адлиядан ўтишидан бироз олдин мени чақирдилар. Анча суҳбатлашдик. Масжиднинг келажакдаги аҳволидан ташвишда эканликларини айтдилар. “Бу масжиднинг қурилиши ўзича бўлиб қолгани йўқ. Бу масжид омонат. Нолойиқ инсонга топшириб қўйсам охиратда жавобгар бўламан. Буни мен ишончли қўлларга топширишим лозим. Сиз шу ерда ишлайсиз”, дедилар. Мен: “Устоз менда диплом йўқку!”, дедим. Домла: “Ишингиз бўлмасин, мен борман!”, дедилар. Масжид очилганидан сўнг олти ойларча домланинг қўллари остида масжидда хизмат қилдим. Шу вақт мобайнида домланинг очиқ кўнгилли, ҳазилкаш ва дилкаш инсон эканликларини ҳам кашф қилдим. Тақдир тақозоси билан менга ковиднинг оғир кўриниши тегди. Олти ойча тўшакда ётдим. Шундан сўнг домлага ортиқ масжидда ишлай олмаслигимни айтдим. Қолаверса, ижодий ишим ҳам тўхтаб қолди. Шогирдларга вақт ажрата олмай қолдим. Домла тўғри тушуниб менга рухсат бердилар. Бугун масжид ишончли қўлларда алҳамдулиллоҳ!
1.1K views07:04