Get Mystery Box with random crypto!

ДЕПАРТАМЕНТ ИШЧИЛАРИ ТЎРТ ОЙДАН БУЁН ОЙЛИК ОЛМАЯПТИ 'Ассалому | ELTUZ

ДЕПАРТАМЕНТ ИШЧИЛАРИ ТЎРТ ОЙДАН БУЁН ОЙЛИК ОЛМАЯПТИ

"Ассалому алайкум, Элтуз! Мурожаатим қуйидагича:

Биз Ички ишлар вазирлигининг Транспорт ва туризм обектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти Йўловчи поездларини кузатиш батальони ходимлари 2024 йилнинг бошидан, яъни тўрт ойдан бери ойлик маошимизни олмадик.

Буни президентга ижтимоий тармоқлар орқали маълум қилишдан бошқа чорамиз қолмади. Бизнинг хизмат вазифамизга йўловчи ташувчи, шу жумладан, туристларни ташувчи поездларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик билан курашиш ва олдини олиш киради.

Республикамиз тинчлиги учун казарма ҳолатидами, кучайтирилган ҳолдами тун-у кун хизматдамиз. Баъзан бир неча кунлаб рейсга кетамиз. Барчамизни уйимизда қари ота-онамиз, фарзандларимиз бор.
Айримларнинг қарамоғида ногиронлар ҳам бор.

Деярли ҳаммамизда банкдан олган кредитларимиз бор. Шу тўрт ой давомида қарз деган ботқоқга ботиб кетдик. Департамент раҳбари генерал-маёр Б.Ю.Мирзараҳимов бирор марта батальон ходимларини йиғиб вазият бўйича изоҳ бермади.

Хизмат вазифаларини тўлиқ бажариб, тўрт ойдан бери ойлигини ололмаётган 161 та ички ишлар ходими сиздан амалий ёрдам беришингиз ва вазиятни ўз назоратингизга олишингизни  сўрайди.