Get Mystery Box with random crypto!

​​Давлат дастури: хорижий олийгоҳларга ўқишга юбориладиган ёшл | Davlat Test Markazi

​​Давлат дастури: хорижий олийгоҳларга ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилади

Президентимиз «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги фармонни имзолади...

Эндиликда олий таълим тизимида қуйидаги масалаларга эътибор қаратилди:

Биринчидан, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий этилади.

Иккинчидан, олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони 25 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони 2 бараварга оширилади.

Учинчидан, хусусий олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти бериш тизими жорий этилади.

Бу борадаги янгиликлар нафақат ёшларнинг таълим билан қамрови даражасини ошириш, балки гендер тенглигини таъминлаган ҳолда, интилувчан, зеҳни ўткир қизларимизга таълим олиш имкониятини яратади. Чунки аёл кишининг билимли бўлиши фарзандларнинг таълим-тарбияси, жисмоний ва маънавий камоллигига катта таъсир ўтказади.

Яна бир янгилик шуки, «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали нуфузли хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга ошириляпти. Қолаверса, нуфузли хорижий олий таълим, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш, улардан олинган билимларни мамлакатимиз равнақи учун қўллашга алоҳида эътибор қаратилади.
Давлат дастурида жорий йилда 22 та мактабгача таълим ташкилоти бинолари, 31 та янги мактаб ва 16 та олий таълим муассасалари объектларини қуриш ишларини амалга ошириш ҳам белгиланди. Буларнинг барчаси замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялашга қаратилган, десак айни ҳақиқат бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, бугун ёшлар халқимизнинг бой маънавий-маърифий меросини, зукколиги, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик каби эзгу анъаналарини ўзида мужассам этган ҳолда, жамиятимизда муносиб ўрин эгалламоқда. Энг муҳими, Ўзбекистон ёшларига яратилган шароитлар, улар эришаётган муваффақиятларга кўпчилик, хусусан, дунё ёшлари ҳавас билан қарамоқда.

Мухтор ИБРАГИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Сафимизга қўшилинг:
@davlattestmarkazi