Get Mystery Box with random crypto!

Келгуси йилдаги 5 та фан бўйича имтиҳон масаласида ДТМ ўз рас | Davlat Test Markazi

Келгуси йилдаги 5 та фан бўйича имтиҳон масаласида

ДТМ ўз расмий каналида келгуси йилдаги тестлар ҳақида айрим саволларга жавоб беришни бошлади. Аммо ушбу савол-жавобларда янги гап йўқ, Президент қароридаги бор маълумотни шунчаки қайта эслатишмоқда. Токи янги тартибга оид ҳужжат расман тасдиқланмагунча янги гап айта олишмаса ҳам керак.

Келгуси йилги тест синовлари ҳақида бизга қуйидагилар маълум:

келаётган йилда 5 та фандан имтиҳон бўлиши аниқ, бу Президент қарорида белгиланган. Яъни бу масала аллақачон ҳал этилган, фақат тартиби ҳозирча номаълум холос;

5 та фандан тест бўлишга оид тартиб, фақат давлат ОТМларига тааллуқли. Шу пайтгача бўлгани каби, бу янги тартиб ҳарбий, диний, хусусий, нодавлат ва хорижий ОТМларга алоқадор эмас;

Президент қарорида тестлар икки бўлимга ажратилиши белгиланган, биринчи бўлимда барча учун мажбурий учта фан — она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи; иккинчи бўлимда йўналишга мос иккита махсус фан белгиланган;

Қарорда она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили) деб кўрсатилганлиги сабабли, мажбурий блокда адабиёт фанидан тест саволлари бўлмайди;

Қарорда Ўзбекистон тарихи деб кўрсатилганлиги учун, мажбурий блокда жаҳон тарихи фанидан тест саволлари бўлмайди.

Юқоридаги маълумотлар тушунарли, аммо асосий саволларга абитуриентлар қачон жавоб топишади?

• мажбурий блокда ўтиш бали бўладими ёки ушбу учта фандан неча балл олса ҳам фарқи йўқми, умумий 5 та фандан тўплаган бали ҳисобга олинадими?

• махсус блокда шундоқ ҳам она тили, математика ва тарих фанидан саволлар бўладиган йўналишларда тартиб қандай бўлади? Улар 2 марта математика, она тили, Ўзбекистон тарихидан саволларга жавоб берадими?

• айрим йўналишларда фанлар блоки ўзгариши ҳақида гап-сўзлар юрибди, масалан юриспруденция йўналишида яна тарих асосий фанга айлантирилиши мумкин экан. Умуман олганда қайси йўналиш қайси фандан имтиҳон топшириши қачон аниқ бўлади? Ахир абитуриентлар буни олдиндан билиши керакку! Ёки ўтган йилгиларга ўхшаб, яна тестга 1 ой қолганда маълум қиласизларми?

• қайси дарсликлардан тест саволлари тузилиши қачон эълон қилинади ёки бу ҳам узоқ вақт сир тутиладими?

Тестдаги шаффофлик деганда фақат ҳаммаёққа камера қўйиш, катта павильонларда тест ўтказиш тушунилмайди. Энг аввало шаффофлик деганда имтиҳонларга оид барча зарур маълумотлар олдиндан эълон қилиниши, абитуриентлар ҳамма саволларга очиқ-ойдин жавоб топа олиши, ҳеч нарса мавҳум бўлмаслиги муҳим.

Бизда эса минг афсуски энг муҳим маълумот ва жиддий ўзгаришларни тестга кам вақт қолганда эълон қилишадиган жуда ёмон одат бор. Бу абитуриентларга нисбатан адолатсизлик эканлигини ёки тушунишмайди, ёки тушунса ҳам пинагини бузишмайди. «Керак бўлса кўникади» деган принципда юрадигандек туюлишади. Қани, кўрамиз, балки жорий йилда мана шу «касаллик»ка барҳам берилар.

@xushnudbek

Сафимизга қўшилинг:
@davlattestmarkazi