Get Mystery Box with random crypto!

МАСТОНА Кўзимнинг мардумидин неча мардум бўлди мастона, Ҳил | 🌹🌹ЗУҲРАХОН АБДУЛҲАКИМХОН ижоди 🌹🌹НАЗМ БЎСТОНИ🌹🌹

МАСТОНА

Кўзимнинг мардумидин неча мардум бўлди мастона,
Ҳилол қошимга савдою, қуёш кўнглимга ҳамхона.

Наҳорда гулситон сайрига чиқсам лолалар шайдо,
Оёғимни қучарлар телбадек гирёна-гирёна.

Тағофул айласам сайри чаманлар ичра хотиржам,
Тўкур гул баргига маржон кўзин ёшини ҳар ёна.

Таратгай анбарин гуллар,тар отгай, юзларим хўллар,
Ажаб ман гулга масту, гул тарар сочимни мастона.

Сабо ўпса яноғимдин келур рашки чу булбулни,
Наво қилгай чекиб фарёд, келиб қошимда сарсона.

Юзим ифшо килиб солдим бу олам бошига ғавғо,
Самарқанду Бухоро ҳажр ўтида ёнди Фарғона.

Бас, эй, бўл, Зуҳрахон эмди юзингга тортақол парда,
Кўриб бир оразинг ҳар ким бўлур ошиқ ҳайрона.

1.мардум - кўз қорачиғи
2.мардум - одам, инсон
3.тағофул - бепарволикка олиш
4.тар - ҳўл
5.ифшо -ошкор қилмоқ,

ЗУҲРАХОН АБДУЛҲАКИМХОН қизи

t.me/zuhraxon07