Get Mystery Box with random crypto!

​​ИСЛОМДА ПАРАПСИХОЛОГИЯ БОРМИ? Кўряпмизки кун сайин парапсих | Zebiniso Ahmedova — psixolog blogi

​​ИСЛОМДА ПАРАПСИХОЛОГИЯ БОРМИ?

Кўряпмизки кун сайин парапсихология йўналишлари аҳоли орасида кенг оммалашиб боряпти. Дунё бўйлаб кўпчилик мусулмон уммати, психология ва парапсихология фанларини ўрганиш асносида, баъзи масалалар юзасидан динда адашишлик ва ихтилофга сабаб бўлувчи ҳолатларга қизиқмоқда. Гарчи пайдо бўлаётган баъзи бидъатларга кўплаб олиму-уламолар раддия берсаларда, яна ва яна унинг турдош номлари ила янгича талқиндаги бидъатлар кириб келмоқда.

Ислом дини – Аллоҳ субҳаноху ва таоло томонидан, бандаларига юборилган мустаҳкам ва мукаммал йўлдир. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг воситачилигида VI-VII асрларда дунёга кириб келган.

Ундан кейин дунёга фан орқали кириб келган барча нарсаларни Ислом динига қориштириш умуман мумкин эмас, гарчи ўҳшаш бўлсада. Масалан, парапсихологиядаги медитацияни ҳушуъ билан, йогани намоз билан, телекинез, телепортация, левитация, башоратларни – ғайб, кашф, илҳом, каромат ва мўжизалар билан аралаштирмаслик керак.

Муборак динимизда улар бўйича айтилган ҳукмлар ва ҳолатлар бор. Улар парапсихологиядаги ҳолатлар билан ўҳшаш туюлсада, бошқа-бошқа нарсалар ҳисобланади. Масалан, медитация – фанга ва ўзи умуман дунёга ҳиндуий ва буддавий динлари орқали кириб келган. Унда одам бирон нарсага, ҳусусан табиат овозига, тоза ҳавога ёки қилажак ишига диққатини жамлаши зарур ҳисобланади ва аксарият ҳолларда йогада қўлланилади. Ҳушуъ эса, мусулмон киши ибодат пайти ёки ибодатдан ташқари вақтда фикри ва диққатини ибодатга, Аллоҳ субҳаноҳу ва таолонинг бирлигига жамлаши зарур, Қуръони карим тиловат қилаётган бўлса, албатта уни тадаббур қилмоғи лозимдир.

Ҳушуъ, ислом кириб келиши билан бор эди. Медитация эса, фанга ундан кейин янги асрларда кириб келди (ундан олдин бошқа динларнинг ичидаги диний ибодат асосларидан бўлган). Иккаласининг йўли ўхшаш бўлсада, улар алоҳида-алоҳида ҳолатлардир. Энг асосийси, медитация ҳолати – бошқа дин амалларидан кириб келган, шунинг учун уни – ислом динидаги ҳушуъ билан мутлақо аралаштирмаслик керак. Ҳозирги баъзи "парапсихологларнинг", Исломда – медитация бор дейишликлари эса, масалани шунчаки сиртдан кўриб айтишларидан келиб чиқмоқда.

Парапсихологиядаги башорат ва телепатияни эса, ислом ақийдаларидаги – ғайб деб билмоқ ҳам тўғри бўлмайди. Чунки. парапсихологиядаги башорат, асосан фолбин ва шунга ўҳшаш экстрасенслар (исталган одам)да содир бўлиши мумкин дейилади. Ғайб эса, Аллоҳ субҳаноҳу ва таоло томонидан, унинг расуллари ва набийларига билдирилиши мумкин бўлган илоҳий ҳабар ёки илмлар мажмуидан иборатдир. Бу ерда ҳам ҳудди шундай, ҳолатлар бир-бирига ўҳшашиб кетсада – аслиятда умуман бошқа нарсалар (кимдир бировнинг ичидаги гапини айтса, у ҳақида маълумотни ғайри оддий ҳолатда билишлиги ёҳуд телепатия йўллари билан билишлиги – ғайб ҳисобланмайди). Ғайб илми фақат Аллоҳга хос экани бир қанча ояти карималарда таъкидланган. Улар муҳкам оятлар бўлиб, ғайбни фақат Аллоҳ билиши борасида аниқдир, бу борада ҳеч қандай эҳтимоллик йўқ.

“Осмонлару ерда Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ғайбни билмас” деб айт. Улар қачон қайта тирилтирилишларини ҳам сезмаслар” (Намл сураси 65-оят).

“Осмонлару ернинг ғайби(ни билмоқ) Аллоҳга хосдир. Ишнинг барчаси Унга қайтарилур” (Ҳуд сураси 123-оят).

“(Аллоҳ) ғайбни билувчидир ва ҳеч кимни Ўз ғайбидан хабардор қилмас. Илло, Расуллардан Ўзи рози бўлган кимса (бундан мустасно)” (Жин сураси 26-27 оятлар).

Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ “Мишкот ал-масобеҳ”нинг шарҳи “Мирқот ал-мафотеҳ”да буларни қайд қилган: “Каромат бобидаги баъзи авлиёларнинг оятнинг умумий мазмунидан келиб чиқиб, айрим жузъий ишлардан хабар беришларини зикр қилинган нарсалар, шоядки, кашф ёки илҳом ёхуд туш бўлиб, улар гумоний нарсалардир, уларни аниқ илмлар деб аталмайди”.

Кўриб турганингиздек, муборак динимиз ғайб ва шунга ўҳшаш масалаларга жиддий қарайди.

Парапсихология номи остида бонг урилаётган ҳеч бир нарса – ғайб деб қабул қилинмайди, қанчалик тўғри бўлсада. Чунки, ғайб – Аллоҳ субҳаноҳу ва таолога ҳосдир. Уни ўрганишни ёки аниқлашни иложиси йўқ.

Бобурбек Эгамберганов

Муаллифнинг расмий канали:
@boburbekegamberganov