Get Mystery Box with random crypto!

Хоразмнинг қадимий қалъалари Хоразмнинг қадимий қалъалари Кал | Yurt tarixi

Хоразмнинг қадимий қалъалари

Хоразмнинг қадимий қалъалари Калтаминор, Сувёрган, Тозабоғёб ва Амиробод маданиятлардаги манзилгоҳлардир. Мазкур маданий марказлардан юзга яқин манзилгоҳлар топилган.
Хоразм эрамиздан аввалги IV–III минг йилликлардаёқ Ўрта Шарқнинг қадимги цивилизациялар олами билан узоқ Шимолни бевосита боғловчи халқа ролини ўтай бошлаган. Ўлкага жанубдан қадимги деҳқончилик маданияти соҳиблари – хорасмийлар кўчиб келгач, ўтроқ маданият таркиб топди ва ривожланди. Бу жараён эрамиздан аввалги VII асрнинг охири – VI асрнинг бошларида содир бўлган. Амударёдан чиқарилган Калтаминор, Тозабоғёб, Сувёрган, Амиробод, Чирмонёб, Полвонёб, Хазорасп, Ёрмиш, Савкан ва бошқа катта-кичик суғориш иншоотлари бўйлаб ўнлаб манзилгоҳлар ташкил топди. Эрамиздан аввалги VII аср охири – VI асрда вужудга келган илк қалъа шаҳар сифатида  Кўзалиқир, Хазорасп, Қанхақалъа, Бутентов, Қўшқалъа, Одойтепа кабиларни кўрсатиш мумкин. Қадимги Хоразмнинг яхши ўрганилган энг қадимги шаҳар ёдгорлиги Кўзалиқир ҳисобланади. Фанда Хоразм цивилизацияси ва шаҳарсозлик маданияти айнан Кўзалиқирдан бошланган деган хулоса устувор эди. Аммо, кейинги тадқиқотлар воҳанинг бошланғич қисмида жойлашган Хазорасп шаҳри ҳам Кўзалиқирга замондош ёдгорлик деб ҳисоблашга асос бермоқда. Хазорасп яқинида эрамиздан аввалги VII асрга оид сопол ишлаб чиқариш маркази Хумбузтепанинг топилганлиги шаҳарнинг қадимийлигидан дарак беради. Шунингдек, бу манзилгоҳ хунармандчилик ишлаб чиқариш маркази ҳисобланади.
Эрамиздан аввалги V асрда Хоразмда вужудга келган энг йирик қалъа-шаҳарлар Қалъалиқир, Тузқир, Ойбуйирқалъа кабилардир. Қалъалиқир Аҳамонийларнинг Хоразмдаги ноиби учун қароргоҳ вазифасини ўтаган. Қалъалиқир нафақат Хоразм архаик даврининг балки бутун қадимги Хоразмнинг ҳудудий жиҳатдан энг катта яъни 70 га. ҳудудни эгаллаган ёдгорлигидир. У эрамиздан аввалги V-IV асрлар чегарасида қурилган.
Эрамиздан аввалги V асрда эса Дингилжа, Бозорқалъа машҳур қалъалар ҳисобланади. Хоразмда архаик даврнинг энг мукаммал ўрганилган ёдгорликларидан бири Бозорқалъа шаҳри ва Дингилжа уй-қўрғони ҳисобланади. Дингилжа воҳасида 53 жойда архаик даврга оид уйлар ва қўрғон харобалари қайд қилинган. У ердан ғишт ва пахсадан қурилган уй-жойлар топилган.
Эрамиздан аввалги V аср охири – IV аср бошларида илгариги манзилгоҳлар атрофида янги деҳқончилик воҳалари юзага келди. Буларга Бургутқалъа, Якка Парсон, Тошхирмон, Катқалъа, Тупроққалъа кабиларни келтириш мумкин.
Эрамиздан аввалги I минг йилликнинг иккинчи ярмида Амударёнинг ўзанларидан сув олган кўплаб суғориш каналларининг бунёд этилиши сабабли чап соҳил Хоразмда Дарғон, Капарас, Савкан, Ёрмиш, Воянган, Замаҳшар-Мадра, Ўрта Чирмонёб, Гуюрқалъа, Кўҳна Уаз, Кўхна Урганч, Манғирқалъа, Девкесган, Миздаҳкон каби қатор янги маданий манзилгоҳлар юзага келди.
Эрамиздан аввалги V аср охири – IV аср бошларига келиб Хоразм Аҳамонийлардан мустақил давлат мақомини олиши муносабати билан Қуйи Амударёнинг ҳар иккала соҳили бўйлаб урбанистик жараёнлар авж олади. Хива, Хазорасп, Катта Ойбуйирқалъа, Бозорқалъа, Ақчахонқалъа, Капарас, Қалажиқ, Олмаотишкан, Ичанқалъа, Говурқалъа, Кўнарлиқалъа, Оқчагелин, Қанхақалъа, Шохсанам, Бутентов, Девкескан, Тўққалъа, Қўрғонқалъа, Султон Увайс Говурқалъаси, Бурлиқалъа ва Аёзқалъа, Кичик Қирққиз, Қўрғошинқалъа, Жонбосқалъа ва Эрасқалъалар каби йирик шаҳарлар пайдо бўлди. Эрамиздан аввалги IV асрдан Хоразм шаҳарсозлик маданиятида туб бурилиш кузатилади. Хоразм давлатининг иқтисодий ва ҳарбий қудрати ошиб борган сари янги бунёд этилган шаҳарлар кўпайиб боради. Кўзалиқир, Ойбуйирқалъа, Қалъалиқир, Тошхирмонтепа, Ақчахонқалъа, Қўйқирилганқалъа, Жонбосқалъа, Чилпиқ, Тўққалъа, Элхарос, Жигарбанд, Тошқалъа кабилардан ноёб осори-атиқалар топилган.
Хоразмнинг қадимий пойтахти Ақчахонқалъа номаълум сабабларга кўра бузилиб кетгандан сўнг унинг ёнида IV аср бошларида Кат номи билан янги шаҳар қурилган.

http://t.me/yurt_tarixi