Get Mystery Box with random crypto!

​​ Сўнги кунлар.... Нью-Йоркдаги такси ҳайдовчиларидан бир | ️ “Yurist xonim yon daftari”dan

​​ Сўнги кунлар....

Нью-Йоркдаги такси ҳайдовчиларидан бири ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай сатрларни битди:

"Манзилга етиб келдим ва сигнал бердим. Бир неча дақиқа кутгандан сўнг, яна сигнал бердим. Бу менинг сўнгги қатновим бўлиши керак эди, мен кетиш ҳақида ўйладим. Лекин фикримдан қайтиб, машинани тўхтатдим, эшик олдига бордим ва тақиллатдим ... "Бир дақиқа кутиб туринг", деган овоз эшитилди: заиф, кекса аёл овози. Мен полда нимадир судраб кетилаётганини эшитдим. Узоқ сукутдан кейин эшик очилди. Қаршимда 90 ёшлардаги кичкина аёл турарди. У 1940 йиллар фильмларидаги каби либос ва пардали шляпа кийганди. Унинг ёнида кичкина чамадон бор эди. Квартира кўп йиллар давомида ҳеч ким яшамаганга ўхшарди. Барча мебеллар чойшаб билан ёпилган. Деворларда соат йўқ, жавонларда на заргарлик буюмлари, на идиш-товоқлар йўқ эди. Бурчакда фотосуратлар ва шиша идишлар билан тўла қоғоз қути турарди.
— Менга сумкамни машинага олиб боришга ёрдам бера оласизми? — сўради у. Мен чамадонни машинага олиб бордим, кейин аёлга ёрдам бериш учун қайтиб келдим. У қўлимдан ушлаб олди ва биз секин машина томон юрдик. У меҳрибонлигим учун раҳмат айтишда давом этди.
Мен унга йўловчиларимга онамга қандай муносабатда бўлишни хоҳласам, шундай муносабатда бўлишга ҳаракат қиламан дедим.
— Вой, сиз жуда яхши фарзанд экансиз, — деди у.
Машинага ўтирганимизда, у менга манзилни айтди ва сўради: —Шаҳар марказидан ҳайдай оласизми?
—Бу энг яқин йўл эмас, —деб жавоб бердим.
—Майли мен ҳақини тўлайман, — деди у. —Мен шошмаяпман, хосписга боряпман. Мен орқа кўзгуга қарадим. Унинг кўзлари чақнаб кетди.
—Менинг оилам узоқ вақт олдин кетган...— у паст овозда давом этди. —Докторнинг айтишича, умрим поёнига етиб қолди.
Мен хотиржамлик билан ҳисоблагични ўчириб қўйдим. Қайси йўлдан боришни хоҳласангиз, ўша йўлдан ҳайдайман, дедим.
Икки соат давомида биз шаҳар бўйлаб юрдик. У менга бир пайтлар ўзи лифт оператори бўлиб ишлаган бинони кўрсатди.
Бино ҳозир мебеллар дўкони экан. Баъзан у мендан маълум бино ёки кўча олдида секинлашишимни сўрарди ва ҳеч нарса демасдан қоронғиликка тикилиб ўтирарди. Кейин у тўсатдан: "Мен чарчадим, энди кетайлик" — деди. Кейин биз индамай у айтган манзилга бордик. Бу кичкина санаторийга ўхшаган пастак бино экан, айвон бўйлаб машина йўли бор эди. Биз тўхташимиз билан машина олдига икки ходим келди. Улар унга эҳтиёткорлик билан машинадан тушишига ёрдам беришди. Улар кекса аёлни кутаётган бўлса керак.
Мен багажни очиб, кичик чамадонни олдим.
Аёлни аллақачон ногиронлар аравачасига ўтқазишганди.
—Сиздан қанча қарзим бор? – сўради у ҳамёнини чиқариб.
— Ҳеч қанча, — дедим мен.
— Ахир сиз тирикчилик қилишингиз керак...
—Бошқа йўловчилар ҳам бор, — деб жавоб бердим.
Кейин энгашиб, уни қучоқлаб олдим. У ҳам мени маҳкам қучоқлади.
— Кампирга қанчалик бахт инъом этдингиз, — деди у. — Раҳмат.
Мен унинг қўлини сиқдим ва кейин кетдим...
Ортимда эшик ёпилди. Бу яна бир умр китобининг ёпилиши эди...
Қайтишда бошқа йўловчиларни олмадим. Кўзим қаёққа қараса, ўйларимга шўнғиб кетавердим. Ўша куни мен зўрға гапира олдим. Агар бу аёлга ғазабланган ҳайдовчи ёки навбатчилигини тезроқ тугатмоқчи бўлган одам учраганда нима бўларди? Агар мен унинг илтимосини бажаришдан бош тортсам ёки бир-икки марта сигнал бериб, кетиб қолсамчи?..
Охирида шуни айтмоқчиманки, мен ҳаётимда бунданда муҳимроқ иш қилмаганман...

Kanalga ulanish
@yuristxonimdaftari