Get Mystery Box with random crypto!

Устама базавий тариф ставкасидан ҳисобланадми? Дўстим Дониёр | YURIST MASLAHATI

Устама базавий тариф ставкасидан ҳисобланадми?

Дўстим Дониёр билан Тошкент вилоят халқ таълими бошқармасининг кўрсатмаси юзасидан фикр алмашдик.

Бошқарма барча бўлимларга миллий ёки хорижий тан олинган сертификатга эга бўлган ходимларга устама уларнинг дарс соатларидан келиб чиқиб тўланиши кераклигини айтибди.

Бироқ бу кўрсатма аслида ҳуқуқий асосланмаган. Нега бундай деяётганимни тушунтираман.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.05.2021 йилдаги ПҚ-5117-сонли қарорига мувофиқ 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

таълим муассасаларининг камида С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга хорижий тиллар ўқитувчиларига уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида қўшимча устама ҳақи тўлаб борилиши белгиланган.

Эътибор берган бўлсангиз, қоидада “базавий тариф ставкаси” жумласи қўлланилган.
Бу тушунча нимани англатади

"Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 1-бандига кўра:

базавий тариф ставкаси ― бир ставка дарс соати учун ўқитувчининг маълумоти ва малака тоифасига кўра белгиланган базавий ҳақ миқдори эканлиги белгиланмоқда.

ўқитувчининг тариф ставкаси эса
ўқитувчига бириктирилган дарс соатлари асосида бир ставка учун белгиланган базавий тариф ставкадан келиб чиқиб аниқланадиган миқдор ҳисобланади.

Энди қаранг! "Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисида"ги Йўриқнома 3-бандида умумий ўрта таълим муассасасининг педагог ходимлари учун:

1-4-синфларда ҳафтасига 18 соат;

5-11-синфларда ҳафтасига 20 соат бир ставка миқдоридаги иш юкламаси белгиланган.

Юқоридаги қоидаларга кўра хулоса қиладиган бўлсак, педагог ходимга ПҚ – 5117-сон қарор асосида бериладиган устама базавий тариф ставкаси асосида ҳисобланади.

Бошқача айтганда, устама 1 ставка дарс учун белгиланган иш ҳақидан келиб чиқиб тўланади.

П.С. Менимча Тошкент вилоят халқ таълими бошқармаси ушбу кўрсатмани ўзгартиргани маъқул деб ҳисоблайман. Акс ҳолда эртага ўзлари учун муаммо чиқиши мумкин.

@yurist_Shamsiddinov