Get Mystery Box with random crypto!

ИЧКИ ЎРИНДОШЛИК УЧУН АЛОҲИДА МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ ТУЗИШ ШАРТМИ? | YURISTKADR

ИЧКИ ЎРИНДОШЛИК УЧУН АЛОҲИДА МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ ТУЗИШ ШАРТМИ?

Ходим ички ўриндошлик асосида ишлаганда, яна алоҳида тартибда меҳнат шартномаси тузиладими? Мана шу савол орқама-кетин келиб қолди.

Аввало, бу масалада дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига эътибор берайлик. Кодекснинг 72-моддасига кўра:

меҳнат шартномаси ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир.

ходим ва иш берувчи меҳнат шартномасининг тарафлари бўлиб ҳисобланадилар.

Демак, бу қоидаларга мувофиқ, меҳнат шартномаси иш берувчи ва ходим ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни бажариш ҳақидаги келишув ҳисобланади. Меҳнат шартномасининг тарафлари фақат иккита бўлади: булар иш берувчи ва ходимдир. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас.

Энди, ана шу 72-модданинг охирги 4-қисмига қарайлик, унда айтиляптики:

ходим ўриндошлик асосида ишлаш тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномалари тузиши мумкин”.

Назаримда, жуда кўпчилик мана шу қоидага бироз чалғийди ва ҳар қандай ўриндошлик ҳолатида ходим билан алоҳида меҳнат шартномаси тузилиши керак деб ўйлайди. Аслида бу ерда ходим асосий иш жойидан ташқари бошқа бир ташкилот ва бошқа бир иш берувчига ўриндошлик асосида ёлланганда меҳнат шартномаси тузилиши тушунилмоқда (кейин "мумкин" жумласига ҳам алоҳида эътибор беринг).

Қарасангиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида»ги низомда ички ўриндошлик, яъни шу корхонанинг ўзида, асосий ишидан ташқари, қўшимча равишда ишлаши мумкин бўлган ўриндошлик иши ҳам назарда тутилган.

Бу Низомнинг 5-бандига кўра ходимнинг асосий иш жойи ҳисобланган ташкилотда ўриндошлик асосида ишлашга вақтинча бўлмаган ходимнинг ишини бажаришда ёки бўш лавозимдаги ишни бажаришда йўл қўйилади. Айнан мана шу жараён ички ўриндошлик ҳисобланади.

Хўш, ходим шу ташкилотнинг ўзида ички ўриндошлик асосида ишлаганда, бу бўйича алоҳида меҳнат шартномаси тузиладими?

Йўқ, бундай шартнома тузилиши шарт эмас ва буни хатто нотўғри дейиш ҳам мумкин.

Негаки, ички ўриндошлик муносабатида барибир иш берувчи ҳам, ходим ҳам ўзгаргани йўқ. Бунда асосий иш бўйича меҳнат шартномаси тузилгандаги тарафлар ўша-ўша қолаверади, шундай эмасми?

Агар яхшилаб эътибор берсангиз, ички ўриндошлик ҳолатида, ходимнинг меҳнат шартлари ўзгармоқда, яъни ходим ўзининг асосий ишидан ташқари, қўшимча ўриндошлик ишини ҳам бажармоқда. Бу ҳақиқатдан ҳам, меҳнат шартномасида белгиланган асосий шартлар ҳисобланган: “муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишнинг” ўзгариши бўлади. Яъни, Меҳнат кодексининг 88-моддасидаги меҳнат шартларининг ўзгариши юз бермоқда.

Шундай экан, мавжуд вазиятда ходимга қўшимча ички ўриндошлик иши берилганида, яна алоҳида меҳнат шартномаси тузилиши шарт эмас, бунда меҳнат шартномасига ўзгартириш ёки қўшимча киритиш тўғрисида келишув тузилиши энг тўғри йўлдир.

@yuristkadr