Get Mystery Box with random crypto!

УЙДА МАШИНА ТАЪМИРЛАШ УЧУН ФИРМА ЁКИ ЯТТ ОЧИШ ШАРТМАС. САВОЛ. | YURISTKADR

УЙДА МАШИНА ТАЪМИРЛАШ УЧУН ФИРМА ЁКИ ЯТТ ОЧИШ ШАРТМАС.

САВОЛ
.
Ҳурматли юристлар, машиналар ремонти ҳақида менда ҳам савол бор. Мен машина устасиман. Уйимда 1 йилдан бери автомашиналарни тузатаман. Участкавой келиб, фирма очишинг ё тадбиркор бўлиб патент олишинг, давлатга солиқ тўлашинг керак деяпти. Маслаҳат беринг, нима қилса бўлади?

ЖАВОБ.

Ҳозирги кунда, бу фаолиятни амалга ошириш учун фирма ёки ЯТТ очиш умуман шарт эмас, оддий бир фуқаро сифатида бу иш билан шуғулансангиз бўлади.

Президентнинг 2020 йил 8 июндаги ПҚ-4742-сонли қарори ва шу қарор билан тасдиқланган
“Ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турларининг кенгайтирилган рўйхати”га кўра:

фуқаролар “жисмоний шахсларнинг шахсий автомобилларини майда таъмирлаш, уларга аксессуарлар ва автосигнализация ўрнатиш, ғилофлар ва пол қопламаларини тикиш” билан ўзини-ўзи банд қилиш тартибида ишлаши ҳамда шу йўл билан бемалол даромад топиши мумкин.

Бу фаолиятнинг қулайлиги шундаки, ўзини-ўзи банд қилиш тартибида ишлайдиган автомашина устасининг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадидан даромад солиғи ундирилмайди (Солиқ кодекси 369-модда).

Уйда туриб автомашина тузатиш билан ўзини-ўзи банд қилиш тартибида шуғулланиш учун фуқаро:

махсус мобил илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ёхуд давлат солиқ хизмати органига келган ҳолда рўйхатдан ўтиши мумкин. Бунда сўровнома ўзини ўзи банд қилган шахс томонидан махсус мобил илова ёки шахсий кабинет орқали электрон шаклда мустақил равишда, давлат солиқ хизмати органига келганда эса солиқ органи ходими томонидан тўлдирилади (Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги 806-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 8-банди).

Шундай савол туғиляпти, ўзини-ўзи банд қилиш тартибида рўйҳатдан ўтиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

Ўзини ўзи банд қилган шахслар меҳнат фаолиятини амалга оширадиган ҳудуд бўйича давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйилади (Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги 806-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 11-банди). Яъни, доимий яшаш жойингиз, дейлик Андижонда бўлса, бироқ меҳнат фаолиятингиз Тошкент шаҳри Чилонзор туманида бўлса, демак Чилонзор ДСИдан рўйҳатдан ўтишингиз мумкин.

806-сонли Низом талабларига кўра, ўзини-ўзи банд қилувчи сифатида рўйҳатдан ўтганлиги тўғрисида туман ДСИ томонидан махсус матрицали штрих кодга (QR-код) эга бўлган маълумотнома берилади. Шу ҳужжат билан бемалол фаолият юритаверасиз.

Ҳа, айтмоқчи ДСИдан ўзини-ўзи банд қилувчи шаҳс сифатида рўйҳатдан ўтиш учун пул ундирилмайди.

@yuristkadr