Get Mystery Box with random crypto!

Юридик шахснинг устави (низоми) ҳақида тушунтириш. Устав (Низ | YURISTKADR

Юридик шахснинг устави (низоми) ҳақида тушунтириш.

Устав (Низом)
– хўжалик юритувчи субъектнинг тузилмаси, фаолият йўналиши, функцияси, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгиловчи локал-ҳуқуқий ҳужжатдир. Устав корхонанинг таъсис ҳужжати ҳисобланади.

Эътибор беринг, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 43-моддасига асосан юридик шахс устав асосида ёки таъсис шартномаси ёки устав асосида ёхуд фақат таъсис шартномаси асосида иш олиб боради. Қонунда назарда тутилган ҳолларда тижоратчи ташкилот бўлмаган юридик шахс шу турдаги ташкилотлар ҳақидаги низом асосида иш олиб бориши мумкин.

Демак, таъсис ҳужжатлари сифатида тижорат фаолияти билан шуғулланиши мумкин бўлган ташкилотлардаа устав, тижоратчи ҳисобланмаган ташкилотларда одатда низом бўлади.

Оддий фуқаролар учун уларнинг фуқаролик паспорти қанчалик муҳим бўлса, юридик шахслар учун уларнинг уставлари (низомлари) шунчалик муҳим саналади. Устав (низом) шаклан ва таркибий жиҳатдан ташкилот номи, унинг тасдиқланган жойи ва санаси, индекси, сарлавҳа, келишиш тўғрисидаги белги, виза, таъсисчиларнинг имзо реквизитларидан иборат бўлади.

Ташкилот низоми юқоридаги ўринларда айтилганидек, кўпроқ тижорат фаолияти билан шуғулланмайдиган ташкилотлар фаолиятида татбиқ этилади, масалан, давлат бошқаруви органлари (вазирликлар, давлат қўмиталари ва давлат идоралари), муассасалар таъсис этилганда уларнинг фаолият низоми ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Ташкилот тўғрисидаги низом – ташкилотнинг статуси, унинг вазифалари ва функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги ва бошқа фаолият тартибини белгилайдиган таъсис ҳужжатидир.

Устав (ёки низом) А4 форматли стандарт варақларда расмийлаштирилади ҳамда устав матни қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:
умумий қоидалар;
корхонанинг фирма номи;
ташкилот жойлашган манзил ва почта манзили тўғрисидаги маълумотлар;
муассиснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи;
ташкилотнинг асосий фаолият турларининг рўйхати;
ташкилот устав фондининг миқдори (тижорат ташкилотлари учун);
ташкилотнинг ижро органи ва бошқарув тартиби;
мол-мулк ва воситалар;
қайта ташкил этиш ва тугатиш.

Устав (ёки низом)нинг титул варағида ҳужжат тури (яъни унинг уставлиги), юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг фирма номи, таъсис этиш жойи, устав (ёки низом)нинг ташкилот муҳри билан тасдиқланадиган таъсисчилар ёки иштирокчилар томонидан тасдиқлаш грифи кўрсатилади.

Устав (ёки низом)нинг асл нусхасини рўйхатга олувчи орган юқори чап томонда устав (ёки низом) рўйхатга олинганлиги тўғрисида белги қўяди ҳамда тегишли тартибда тасдиқлаш белгиси қўйилади.

Корхона устави (ёки низоми), ушбу ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий мақоми ва ижро органи тузилмасидан келиб чиқиб, турли хил ҳужжатлар билан тасдиқланади.

Масалан, ташкилот масъулияти чекланган жамият бўлган тақдирда, “Масъулияти чекланган жамият ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонунга биноан жамият устави жамият таъсисчилари (ёки таъсисчиси)нинг умумий йиғилиш қарори билан тасдиқланади.

@yuristkadr