Get Mystery Box with random crypto!

Давлат меҳнат инспекциясига янги раҳбар АРГОС танлови орқали т | YURISTKADR

Давлат меҳнат инспекциясига янги раҳбар АРГОС танлови орқали тайинланиши керак.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Давлат меҳнат инспекциясига шу йил бошида тайинланган Баходир ака Кахаров ишдан кетяпти деб эшитдим.

Раҳбарият Инспекциянинг мустақил фаолиятини, унинг қатъий позициясини керакли даражада қўллаб-қувватламаса, биргина Инспекция раҳбарининг қўлидан нима ҳам келар эди.

Жойларда ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишида ва бу ҳуқуқларнинг тикланишида Давлат меҳнат инспекциясининг ҳам салбий, ҳам ижобий маънода ўзига хос ўрни бор.

Тўғрисини айтганда, бугунги аҳвол у қадар яхши эмас. Чунки ҳудудларда ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари умуман тўхтамаяпти. Назорат етарли эмас. Яхши эмаслигига яна бир мисол, жойларда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ўзи тизимидаги ходимлари билан, жумладан, меҳнат ҳуқуқ инспекторлари билан ўнлаб ишларда судлашмоқда.

Яъни, бизда одамларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилувчи табибимизнинг ўзи бемор ҳолатида десак тўғри бўлади.

Аслида Давлат меҳнат инспекциясининг асосий фаолияти (90-95 фоиз кўламда) ҳуқуқий ишлардан иборат бўлгани учун бу инспекцияга албатта юридик маълумотга ва меҳнат ҳуқуқи соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган малакали мутахассислар раҳбар этиб тайинланиши керак.

Энг муҳими, бу Инспекцияга раҳбар томдан тараша тушгандек қўйилиши мутлақо хато, шу билан бирга ноқонуний бўлади. Ахир бизда Президент қарори билан давлат фуқаролик хизматчиси лавозимига қабул қилишга оид, АРГОС орқали ўтказиладиган танлов талаблари борку.

Шундай экан, Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи лавозимига янги раҳбар фақат ва фақат очиқ танлов орқали, меҳнат ҳуқуқи соҳасида билим ва кўникмаларга эга ҳамда позициясига мустаҳкам бўлган (тишлаган жойидан узиб оладиган) мутахассислар орасидан танлаб олиниши керак.

@yuristkadr