Get Mystery Box with random crypto!

ИШХОНАДА ЁНҒИН БЎЛИБ ИШ ТЎХТАБ ҚОЛСА, ХОДИМЛАРНИНГ ИШ ҲАҚИ СА | YURISTKADR

ИШХОНАДА ЁНҒИН БЎЛИБ ИШ ТЎХТАБ ҚОЛСА, ХОДИМЛАРНИНГ ИШ ҲАҚИ САҚЛАНАДИМИ?

САВОЛ.
Бизни пишириқ тайёрлайдиган кичик корхонада ёнғин бўлди ва натижада корхонада иш вақтинча тўхталиб қолди. Биз ходимлар эса 20 кун бекор юрдик, хўжайинимиз ушбу муддатда биз ишламаганимиз учун бизга пул бермади, шу тўғрими?


ЖАВОБ.

Ушбу ҳолатда ана шу корхонада содир бўлган ёнғин кимнинг айби билан бўлгани бироз вазиятни ойдинлаштириши мумкин.

Чунки агар ёнғин иш берувчининг бевосита ёки билвосита айби билан, мисол учун ҳар мавсумда ушбу корхона техник ускуналарини техник кўрикдан ўтказилиб туриш зарур бўлса ёки ушбу корхонага газ таъминоти уланишида қонунчилик талабига риоя этмаган ҳолда уланган бўлса, у ҳолда Меҳнат кодекси 266-модда 1-қисмига мувофиқ, ходимларга ана шу бекор туриб қолган вакти учун тариф ставкаси ( маоши) нинг тўлиқ миқдорда ҳақ тўланиши лозим бўлади

Агар ёнғин ҳеч бир ходимнинг ёки иш берувчига боғлиқ бўлмаган ҳолда, балки ўз-ўзидан электр қисқа туташуви ёки бошқа сабабларга кўра содир бўлган бўлса, у ҳолда Меҳнат кодекси 266-моддаси 2-қисмига мувофиқ, бекор туриб қолинган вақтга мутаносиб равишда ҳисобланган тариф ставкасининг (маошининг) камида учдан икки қисми миқдорида ҳақ тўланади.

Шунда, агар ушбу ёнғин содир бўлишига қайсидир ходимнинг қўпол эҳтиётсизлиги натижасида, мисол учун ходимнинг иш вақти тугагандан сўнг тегишли иситиш мосламаларини ўчириб кетмаганлиги оқибатида ёнғин келиб чиққан тақдирда, Меҳнат кодекси 266-моддаси 3-қисмига кўра, айнан бу ходимнинг бекор туриб қолган пайти учун ҳақ тўланмайди. Аммо қолган ходимлар, яъни ёнғинга умуман алоқаси бўлмаган ходимлар учун эса маошининг камида учдан икки қисмида ҳақ тўланаверади.

Яна бир қизиқ маълумот сифатида айтиш мумкинки, ҳалиги ёнғин келиб чиқишига сабабчи бўлган ходим иш берувчи олдида моддий жавобгар бўлган ҳолатда, унинг ана шу етказилган зарарни тўлаши керак бўлган пул суммасига, унга ўз айби билан бекор туриб қолганлиги учун тўланмаган иш ҳақини умуман алоқаси бўлмайди.

Яъни, ходим "менинг 20 кун бекор туриб қолганимга маошимдан ушлаб қолдиларинг, энди шу ушлаб қолинган маошимни шу келиб чиққан ёнғин натижасидаги зарарнинг қанчадир қисмига қоплаб юбораверинглар" деб айтиши асоссиз бўлади.

@yuristkadr