2022-04-18 20:30:44
Хусусий боғча ва мактаблар учун 1 апрелдан солиқ имтиёзи берилиши айтилганди, шу кучга кирдими?
ЖАВОБ: Йўқ, ҳали бу бўйича қонунчиликка ўзгариш киритилмади. Аммо сиз билишингиз керак бўлган бир муҳим жиҳати бор.
Ўтган йили Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида фарзандларини хусусий мактаб ва боғчаларга жойлаштирган ота-оналар учун ойлик 3 миллион сўмгача тўловдан даромад солиғи олинмаслигини маълум қилганди.
Кейинчалик бу 2022 йил 28 январдаги Президент фармонида ҳам топшириқ сифатида ўз аксини топди ва 1 апрелдан бошлаб ушбу тартиб амалга кириши белгиланди. Лекин ҳалигача Солиқ кодексига бу борада тегишли ўзгариш киритилмади.
Мазкур масала юзасидан Молия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси билан боғландим. Уларнинг айтишича, ҳозирда қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва келишиш жараёнида экан. «Аммо 1 апрелдан кечикиб кетди-ку, натижада ота-оналар кечиккан даври учун зарар кўрмаяптими?» деган саволимизга қуйидагича тушунтириш беришди ва буни сиз ҳам билиб қўйишингиз керак:
Солиқ кодекси қоидаларига кўра, енгиллаштирувчи ҳолат орқага қайтиш кучига эга. Шу сабабли 1 апрелдан солиқ имтиёзи қўлланаверади, ота-оналар зарар кўрмайди. Фақат бунинг учун ота-оналар хусусий боғча ёки мактабга қилган тўловлари ҳақидаги квитанцияларини сақлаб қўйишлари керак бўлади. Йил охирида улар барча тўланган маълумотларни солиқ идорасига тақдим этишади ва ортиқча тўланган даромад солиғи қисмини битта қилиб қайтариб олишади.
Бошқача айтганда, ушбу солиқ имтиёзи орқали ота-оналар ойма-ой пулларини қайтариб олишмайди ёки боғча/мактаб тўловида "скидка" бўлиб, нарх пасайиб қолмайди. Ўша суммани тўлашда давом этаверадилар. Аммо йил сўнггида битта қилиб, 12% қисмини қайтариб олишлари мумкин бўлади.
Масалан, ойига 3 млн сўмдан хусусий мактабга тўлов қилинаётган бўлса, йилига жами 36 млн сўм бўлади. Йил тугагач, барча 12 ойлик тўловларни тасдиқловчи қоғоз ёки электрон квитанциялар солиқ органига топширилади. Солиқ органи эса ушбу суммадан 12%лик даромад солиғини, яъни 4 млн 320 минг сўмни сизга қайтариб беради (адашмасам, пластикка тушириш орқали).
БУ МУҲИМ: ушбу имтиёз апрель ойидан амал қилишини ҳисобга олиб, жорий ойдан бошлаб тўловингизни тасдиқловчи маълумотларни тўплашни унутманг. Айрим хусусий боғча ва мактаблар ойлик тўлов пулини касса ёки терминал орқали эмас, балки бирор ходимининг пластик картасига пул ўтказмаси сифатида ташлашни сўрашади. Бунақа вазиятда сиз айнан боғча ёки мактабга тўлов қилганингизни исботлай олмай қоласиз. Шу сабабли тўловни расмий йўллар орқали амалга оширинг. Таълим муассасаси маъмуриятидан ҳам буни талаб қилинг.
Саволингиз учун: @yurist2706
Канал: https://t.me/Yurist_Blogerrr
4.4K viewsedited 17:30