Get Mystery Box with random crypto!

​​#мурожаат Савол: Ассалому алайкум ўрта махсус ўқитувчим | YURIDIK KONSALTING⚖️

​​#мурожаат

Савол:

Ассалому алайкум ўрта махсус ўқитувчиман,ҳозирда 3-ойлик ҳомиладорман директоримиз бу йил сизга дарс бермайман, зўрлаб ариза ёзинг деяптилар,ариза инсоннинг ўз ҳоҳиши билан ёзилмайдими?декабр ойигача ишлашга ҳақим борми ёки йўқми?жавоб учун олдиндан раҳмат.

Юрист жавоби:

Ҳурматли фуқаро сизнинг саволингизга қуйидагича жавоб берамиз.

Меҳнат кодексининг 99-моддасига мувофиқ ходим ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин. Бунда ходим ишдан бўшаш ҳақида иш берувчини икки ҳафта олдин хабардор қилиши керак.
Лекин, иш берувчининг қистови билан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзиш тўғри эмас.
Маълумки ариза ҳар бир шахснинг ўз хоҳиши билан ёзилиши лозим.
Агарда иш берувчи ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишни истаса буни Меҳнат кодексининг 100-моддасида келтирилган 7 та асос билан амалга ошириши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги қарорининг 15-бандида ҳам ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ходим шу корхонадаги ишни ҳақиқатда ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноан йўл қўйилиши ҳамда судлар ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида берганлиги тўғрисидаги важларини синчковлик билан текширишлари лозимлиги белгиланган.

Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 233-моддасига биноан сиз 126 кунлик (туққунга қадар 70 календар кун, туққандан кейин 56 календар кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқишингиз мумкин. Лекин бу сизнинг ишдан бўшашингизга асос бўла олмайди.

Шу билан бирга, сизга берилиши лозим бўлган дарс соатлари масаласи «Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида» низомнинг 15-банди асосидаги устувор кетма-кетлик бўйича дарс тақсимланса, қонунан тўғри иш қилинган бўлади.

Юқоридаги асосларга кўра иш берувчининг "аризангни ёз" дейиши мумкин эмас. Сиз ушбу ҳолат юзасидан туман прокуратураси ёки туман Аҳоли бандликка кўмаклашиш марказидаги меҳнат инспекторига мурожаат қилишингиз мумкин.

Шуни эслатиб ўтамизки, Агарда сиз иш берувчининг қистови билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган ва ишдан бўшатилган бўлсангиз, сиз ишга тиклаш тўғрисида туманлараро Фуқаролик судига даъво аризаси билан мурожаат қилишингиз мумкин. Бу ҳолатда сиз ишга тикланишингиз шунингдек мажбурий прогул вақтлари учун компенсация ундиришингиз мумкин.

@yuridik_konsaltuz_bot - савол йўлланг, тез фурсатда малакали юристлар жавобини олинг!

@yuridikkonsalting