2022-11-25 21:20:51
Ўзбекистондаги олий таълим ҳақида икки оғиз
Вақт анча тез ўтиб бормоқда. Кечагина биринчи курс бўлиб, институтга боргандим. Ҳозир эса битириш арафасидаман. 3 йилдан кўп вақт мобайнида Ўзбекистондаги олий таълимнинг ичида бўлдим.
Айтишим мумкинки, олий таълим тизимимиз (балки умуман таълим тизими бўлиши ҳам мумкин) кўз бўямачиликка қурилган. Келинг, яхшиси ундаги хато ва камчиликларни санаб берсам.
1. Таълим тизими ўтган асрдан бери ривожланмаган. Бунинг исботи сифатида дадам ўқиган давр билан ҳозирги давр деярли фарқ қилмайди. Биздан олдинги авлод қандай тартибда ўқиган бўлса, биз ҳам шундай таълим олмоқдамиз (тўғрироғи бориб келяпмиз фақат).
2. Кераксиз нарсаларга ҳаддан зиёд эътибор берилиши. Форма, соч-соқол ва конспект. Нега таълимда форма шу қадар муҳимлигини мактаб давримдан бери тушунганим йўқ. Соч-соқол ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Уйимда анчагина дафтарларим бор. Уларнинг барчаси мажбурликдан китобдаги матнларни кўчириш билан тўлдирилган. Яна ўша гап! Конспект нимага шунчалик муҳим эканлигини тушунмайман. Дафтарга кўчиргани билан у маълумотни таҳлил қилиб, англаб етмаса, бари фойдасизлигича қолади.
3. Ўқитувчиларнинг талаб даражасида эмаслиги. Бугунги кунда ўқитувчиларнинг 90%и эски таълим тизими орқали тарбияланган ва ХХI аср ёшларига эски ва самарасиз методикалар орқали дарс беришмоқда. Яхши ва талабга жавоб берадиган ўқитувчилар борлигини инкор этмайман. Уларнинг ҳам бу тизим жонига теккани аниқ.
4. Ўқитувчиларни талабаларга худди эски даврдаги ҳеч нарсадан хабари йўқ, онгсиз бир мавжудотга қарагандек муносабат қилиши. Кўпчилик ўқитувчилар ёшлар вақтини беҳуда ўтказади, улар содир бўлаётган воқеалардан бехабар ва барибир кўп нарсани тушунмайди деб ўйлашади.
5. Коррупция. Коррупциянинг борлиги мени ҳеч ҳам ажаблабтирмайди. Чунки таълим тизимининг ўзи бунга шароит яратиб берган. Мисол орқали тушунтирсам, биз биринчи курсда 10 та фан ўқиганмиз. Энди тасаввур қилинг инсон бир вақтнинг ўзида 10 та фанни мукаммал ўзлаштириши мумкинми? Албатта, йўқ. Лекин ҳар бир фан ўқитувчисини талабини бажариш шарт, акс ҳолда яхши баҳо йўқ, яхши баҳо йўқ экан, стипендиядан ҳам қуруқ қоласиз (агар сиз бюджет талабаси бўлсангиз). Хўш нима қиламиз? Соққасини бериб баҳони оламиз ))
6. Жаҳон тажрибасини тўлиқ ўрганмасдан қўллаш. Кредит тизимига қанчалик бизнинг ўқув юртлари тайёр? Улар ўзларидан сўраладиган талабларни бажаришга келганда, ҳали тайёр эмасмиз дейишади, лекин талабани назорат қилиб, ундан пулини олиш схемасини қўллаш вақти келганини айтишади. Мана сизга ўша адолат!
7. Эскирган назария ва амалиётсиз таълим. Дарсларда доим назарий билимлар берилади. Амалий билимсиз назария орқали фақат ўқитувчи бўлиш мумкин (фақат зўр ўқитувчи эмас)
Хуллас, бунақа хато ва камчиликларни охири кўринмайди. Майли, балки яхши бўлиб қолар қачонлардир. Ҳозир мендан қайси университетга топшириш ҳақида маслаҳат сўрашса, ҳеч иккиланмай инглиз тилини ўрганиб, ривожланган мамлакатлардаги олий ўқув юртларида ўқишларни тавсия қиламан.
Институтда ўтган 4 йиллик умримдан олган хулосам биттаю битта — Ўзбекистон таълимига бошқа ҳеч қачон яқинлашмаслик ва ундан иложи борича узоқ юриш.
@yuldoshev_0dilbek
67 viewsedited 18:20