Get Mystery Box with random crypto!

Парламент йиғилишлари жонли эфирда намойиш этилади Аввал ҳам | Xushnudbek.uz

Парламент йиғилишлари жонли эфирда намойиш этилади

Аввал ҳам бир неча бор Парламентнинг етарли даражада очиқ эмаслиги ҳақида ёзгандим. Кейинчалик Сенат раиси алмашиб, очиқлик бўйича катта ишлар қилинди, Ялпи мажлисдан жонли эфирлар йўлга қўйилди, журналист ва блогерлар билан ишлаш янги босқичга чиқди. Аммо Қонунчилик палатаси ҳақида бунақа дея олмаймиз. Ҳалигача ўзларини сайлаган халқдан баланд панжаралар билан “ҳимояланиб” олган Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш жараёнлари жонли эфирда кўрсатилмайди, лойиҳа мақомидаги ва қабул қилинган қонунлар матни эълон қилинмайди. Хуллас, мана бу ерда ёзилган камчиликлар ҳали ҳам ўз кучида десак бўлади.

Тўғри, охирги вақтларда Қонунчилик палатаси ҳам Ҳукумат соати шаклидаги йиғилишларни жонли эфирда узатишни бошлади, буни ҳам айтиш керак. Аммо бу ҳали очиқлик учун жуда кам.

Бундан ташқари Қонунчилик палатасида ҳам, Сенатда ҳам муҳокама қилинган қонунлар учун депутат ва сенаторлар қандай муносабат билдиргани, яъни ким ёқлаб, рад қилиб ёки бетараф қолгани, ким қайси қонун ташаббускори бўлгани ҳақидаги маълумотлар ҳам очиқланмайди. Ахир халқ ўз қаҳрамонларини ёки “қаҳрамонларини” билиши керак.

Хуллас, кеча қабул қилинган Президент фармонига асосан, Олий Мажлис палаталарига ўз расмий веб-сайтларида қуйидаги маълумотларни жойлаштириш тавсия этилди:

парламент назорати объектларининг ҳисоботларини эшитиш натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар;

Қонунчилик палатасида депутатнинг ҳар бир қонун (қарор) лойиҳасини қабул қилиш ёки рад этишдаги, сенаторнинг ҳар бир қонунни (қарорни) маъқуллаш ёки рад этишдаги иштироки тўғрисидаги маълумотлар;

Сенати аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, сайлов округлари ҳамда уларнинг электрон почта манзиллари ҳақидаги маълумотлар.

Шунингдек, 2021 йил 1 декабрдан бошлаб қуйидаги тадбирлар телеканаллар, шунингдек, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиши таъминланади:

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари (ёпиқ мажлислар бундан мустасно).

Умид қиламизки, бу каби очиқликка қўйилган қадам Ўзбекистонда ҳақиқатда жонли ва кучли Парламент шаклланишига ёрдам беради, депутат ва сенаторлар масъулиятини оширишга ҳисса қўшади, айрим “ўлик жонлар”ни уйғотади.


@xushnudbek