Get Mystery Box with random crypto!

Имтиҳонларда қониқарсиз баҳо олган ўқувчи синфдан синфга қолди | Xushnudbek.uz

Имтиҳонларда қониқарсиз баҳо олган ўқувчи синфдан синфга қолдирилади

Мактабларда ўқув йили якуни бўйича ўтказиладиган имтиҳонлар муддати ва ўтказиш тартиби тўғрисида маълумот берилди.

Жорий йилда барча умумтаълим мактабларида:

26 майдан 2 июнга қадар 5, 6, 7, 8 ва 10-синф ўқувчилари учун босқичли назорат имтиҳонлари;

26 майдан 15 июнга қадар 9 ва 11-синф битирувчилари учун якуний давлат имтиҳонлари оғзаки, ёзма ҳамда тест синовлари шаклида ўтказилади.

Қуйидагилар синфдан синфга кўчириш имтиҳонлари ва якуний давлат аттестациясидан озод этилади:

Халқ таълими вазирининг тегишли буйруғи билан тасдиқланган Низомда назарда тутилган касалликлар билан оғриган ўқувчилар;

халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ҳамда бошқа кўрик-танловлардаги иштироки мактабдаги имтиҳон муддатларига тўғри келиб қолган ўқувчилар.

Бир ёки икки фандан ўтказилган якуний аттестацияда қониқарсиз баҳо олган битирувчиларга охирги якуний аттестациядан кейин икки ҳафта ўтгач қайта якуний аттестациядан ўтиш ҳуқуқи берилади.

Йиллик баҳо ва якуний аттестация натижаларига кўра, умумий ўрта таълим давлат таълим стандартлари талабларини бажармай, «қониқарсиз» баҳо олган битирувчилар шу синфда қайта ўқишга қолдирилади.


@xushnudbek