Get Mystery Box with random crypto!

Россияда тезликни ошириш ёки қарама-қарши йўналишда юриш учун | Xushnudbek.uz

Россияда тезликни ошириш ёки қарама-қарши йўналишда юриш учун жиноий жавобгарлик жорий қилинди

10 январдан кучга кирган қонунга кўра, Россия Жиноят кодекси янги модда билан тўлдирилди. Унга кўра, муқаддам белгиланган тезликни 60 км/соатдан кўпроққа ошириб ҳайдагани ёки қарама-қарши йўналишда ҳаракатлангани (встречка) учун маъмурий жавобгарлик қўлланган ва ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар ушбу ҳуқуқбузарликларни иккинчи бор такроран содир этса, жиноий жавобгарликка тортилади.

Бунда қоидабузар шахсларга қуйидаги жиноий жазолардан бири белгиланиши мумкин:

200 минг рублдан 500 минг рублгача жарима (29 млн сўмдан 44 млн сўмгача);

1 йилдан 2 йилгача ойлик иш ҳақи миқдорида жарима (3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш билан бирга);

480 соат мажбурий жамоат ишларига жалб қилиш (3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш билан бирга);

2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари (3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш билан бирга);

2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш (3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш билан бирга).

Шунингдек, худди шу янги киритилган модданинг иккинчи қисмига кўра, аввал шу жинояти учун судланган шахс яна бир бор белгиланган тезликни 60 км/соат ва ундан кўп миқдорида оширган ёки қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган бўлса, унда янада оғирроқ жиноий жавобгарлик белгиланди (73 млн сўм эквивалентида жарима ёки 6 йилгача муайян ҳуқуқни чеклаб, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси).

Берилган изоҳга кўра, қоидабузар ҳайдовчиларнинг 40 фоизи маъмурий жавобгарликдан тўғри хулоса чиқармайди ва улар такрор яна ўша қоидаларни бузишади. Бундан ташқари ҳар ўнинчи ҳайдовчи такроран ўта қўпол қоидабузарликни содир этади.

Бизда ҳам шу каби оғир қоидабузарликлар учун жазоларни кучайтиришни ўйлаб кўришса ёмон бўлмасди.


@xushnudbek