Get Mystery Box with random crypto!

Тўлиқроқ маълумот: Диққат, интернетдаги фирибгарлардан эҳтиёт | Xushnudbek.uz

Тўлиқроқ маълумот: Диққат, интернетдаги фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг!

Сўнгги йилларда кибержиноятлар сони кескин ошиб кетди. Афсуски кўпчилик юртдошларимизнинг молиявий ва ахборот хавфсизлиги бўйича саводхонлиги бироз етишмаслиги сабабли, қаллоблар қўлига тушиб қолишмоқда. Шу сабабли виртуал фирибгарлар ҳақида туркум видеолар тайёрлашга қарор қилдик.

Барчага мурожаат: SMS ОРҚАЛИ КЕЛГАН КОДНИ ҲЕЧ КИМГА АЙТМАНГ!!!

1-ҳолат: Click ёки банк ходимиман деб алдашмоқда

Ҳозирда кўп учраётган ҳолатлардан бирида фирибгарлар ўзини Click компанияси ёки банк ходими деб таништиради.

"Кимдир пластик картангизни ишлатмоқда, бу бизга шубҳали кўринди, пулларингизни ечиб олишлари мумкин, мен сизга ёрдам бермоқчиман", дейди. Бу гаплардан саросимага тушганлар ғойибдан келган халоскорга тўлиқ ишониб қолади.

"Ҳозир сизга СМС орқали код боради, шу кодни айтинг, мен пластигингизни хавфсиз қилиб бераман", дейди халоскор. Шу билан тамом! Кодни айтасиз, улар эса пластикдаги бор пулларни ечиб олишади.

Агар пластикда пулингиз камроқ бўлса, номингиздан банк орқали онлайн қарз олиб, кейин ечиб олишмоқда. Пулларни пластикдан тўғри электрон ҳамёнларга ўтказишаётганлиги учун, уларнинг изини топишни деярли имкони йўқ. Фақат биргина кириш қўнғироқлари орқали топиш мумкиндир (агар интернет ёки хорижий рақам орқали қилишмаган бўлса). Юқоридаги видеода тилга олган танишим ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилган, ҳозирча ҳеч қандай янгилик йўқ.

Албатта, айтишингиз мумкин, нега одамлар бунчалар содда, тўсатдан кимдир телефон қилса ишонаверадими, деб. Аммо фирибгарлар тўсатдан телефон қилишмайди. Улар айнан яқиндагина пластиги орқали тўлов қилган одамларга қўнғироқ қилишади. Масалан, танишим Evos орқали овқат буюртма берган ва Click орқали тўлов қилган. Орадан ярим соатлар ўтиб, фирибгарлар телефон қилишган ва "яқиндагина тўлов қилган экансиз, шундайми?" деб сўрашган. Айнан шунинг учун танишим ҳам фирибгарларга ишониб қолган.

Аммо фирибгарлар яқиндагина пластикдан тўлов қилган одамларнинг телефон рақамларини қаердан олишмоқда? Юқоридаги мисолда айтилганидек, ёки Click, ёки Evos тизимларида бўшлиқ бор. Фирибгарлар уларнинг базасидан фойдаланиб, одамларни алдашмоқда. Компаниялар гарчи буни тан олмаса ҳам, лекин ўз тизимини жиддий текширувдан ўтказишлари керак. "Биз оппоқмиз, бизда ҳаммаси чики-чики" деган баёнотлар билан вазият ўзгармайди. Баёнот ўз йўлига, асосийси реал хавф бор, одамлар ҳақиқатдан алданишмоқда, фирибгарлар қўлига маълумотлар қандайдир қилиб чиқиб кетаётгани ҳам рост. Демак, шу бўйича аниқ амалий ишлар қилиш керак. Токи бошқа инсонлар алданиб қолмасин.

Сиз виртуал фирибгарлардан азият чекканмисиз? Унда бизга ўша воқеани сўзлаб беринг, токи қолганлар ҳам бундан тўғри хулоса чиқаришсин ва алданиб қолишмасин. Кейинги видеоларда балки айнан сизнинг ҳолатингизни сўзлаб берармиз.


@xushnudbek