Get Mystery Box with random crypto!

Аммо асрлар давомида айни жўғрофия, айни маданият ва айни тари | ERK Demokratik Partiyasi

Аммо асрлар давомида айни жўғрофия, айни маданият ва айни тарихни биз билан баҳам кўрган Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон чегаралари ҳам ҳудди шундай очилиши керак. Тиканли симлар олиб ташланиб, халқларимиз бир-бирлари билан ўтмишда қандай қардошча яшaган бўлишса, бугун ҳам шундай яшашлари учун имкон яратилиш керак.
Энг муҳими, янги ҳукумат бу ҳуррият эшикларни юрт ичкарисида ҳам, ўзбек халқига очиши керак, қуллик рамзи бўлган ОВИР каби муасасаларни дарҳол бекор қилиши лозим. Бу бир рижо ва бир ёлвориш эмас, бу бир талабдир, ҳақларимизнинг конституцивий талабидир.
Айтиш мумкинки, бу дунёга сочилиб кетган 8 миллионлик муҳожир нуфузининг энг долзарб талабидир.
Камина тоталитар тузумнинг шуурли бир душманиман, аммо бу системада бир яхши нарса кўрса, бир чатнаш пайдо бўлса, уни дарҳол кўриш басирати – алҳамдулиллоҳ – бизда ҳам бор.
Фақат бу чатнашни шу онда мен кўролмаяпман.
Майли, ўша “чиқиш визаси” деб аталган разолат тимсоли (ОВИР) бекор қилинсин, биз буни тоталитар системанинг илк чатнаши улароқ қабул этишга тайёрмиз!
Аммо ҳукумат тарафдори булган сайтлар 2015 йил Каримов имзолаган юрт ташқарисига чиқиш шартларини “такомиллаштириш” ҳақдаги қарорни такрор эълон қилишди холос. Яъни ОВИР бўйинтуруғи миллат бўйнидан олиб ташланмайди, аксинча такомиллашади бундан буёғига.
Зулм такомиллашмоқда. Ха, жазо машинаси такомиллашади, қабоҳатнинг мускуллари қувватлантирилади.
Бунинг энг сўнгги исботи,
Мирзиёев келди, дея oсмонга отилган дўппилар ерга тушиб улгурмасдан, давлат террори янгидан шохланди. Диндорларга бўлган репрессия ҳам Каримов давридагидан баттарроқ бир шаклда давом этмоқда шу сўнгги ой ичида Ўзбекистонда, хусусан Фарғона водийсида, Андижон, Наманган, Қўкон шаҳарларида юзига маска таққан жаллодлар диндор оилаларнинг уйига бостириб кириб, тинтув ўтказиб, уриб-синдириб, бегуноҳ мусулмонларга зулм ўтказмоқда.
Xудди 27 йил аввал Мирзиёевнинг отаси Каримов фаолиятини қандай бошлаган бўлса, бугун унинг меросхўри Мирзиёев ҳам илк одимини диндор ва сиёсий мухолифлар устига отди.
Шунинг учун ҳам муваққат ҳукумат келганига қарамай, Ўзбекистондан қочаётган инсонлар сонида озайиш эмас, кўпайиш кузатилмоқда. Муxожир оқими тўхтагани йўқ.
Ўзбек муxожирлари сони бугун нақ САККИЗ МИЛЛИОН га етди!
Бу бир Оврупа ўлкаси Норвегия нуфузининг деярли икки мисли!
Бу бизнинг ён қўшнимиз қардош Тожикистон нуфузига тенг бир нуфуз!
Нима бўлди бизнинг ўлкамизга
Йилларча фуқаролар урушини бошдан кечириб, хонавайрон бўлган ўлкаларда ҳам бу қадар инсон ресурси бу қадар қисқа бир муддатда юртини тарк этмаган.
Биз яна бир 25 йиллик зулм даврига тайёр эмасмиз, бунга таҳаммулимиз йўқ. Энди ўз хақларимизни ҳимоя қилмасак бўлмайди. Бу ишни Ғарблик инсонсеварларга топшириб, улардан мадад кутиб ўтиришни бас қилишимиз керак.
Хақларимиз учун ўзимиз жангга кирмасак, биз бу ботқоқдан асло қутула олмаймиз. Жамиятимиз сиёсийлашуви лозим. Мусулмонлар сиёсийлашувлари керак.
Маълумки, аввал Советлар, кейин Каримов режими халқимизни сиёсатдан узоқ тутиб келди.
Номи республика, амалда эса Москванинг бир вилояти қўнимида бўлган ўлкаларимизда фақат Москвадан юборилган кишиларгина сиёсат билан шуғулланиши мумкин эди.
Ерли раҳбарлар юқоридан келган амрларни бажарадиган бир ижрочи маъмурлар эди холос. Кенг халқ оммаси учун эса сиёсат билан шуғулланиш у ёкда турсин, бу ҳақда орзу қилиш ҳам таҳликали эди.
Бу ҳолат биз мустақиллик эълон қилингандан кейин ҳам ўзгаргани йўқ. Халқ сиёсатдан бугун ҳам узоқ ва тоталитар режим бу ҳолатни нормал ва ҳатто жоиз деб кўрсатаяпти.
Режим дин ва сиёсат айрилиғи принципини, лаицизимни рўкач қилиб, мусулмон халқни сиёсатга аралаштирмаслик учун курашяпти ва бу йўлда дин арбобларидан унумли фойдаланяпти.
Диндорларга ва сиёсий мухолифатга қарши юритилаётган давлат террорига қарши халқдан бир сас чиқмаётган бўлса, бунда давлат тарафини олаётган дин пешволарининг роли катта. Улар дин бошқа сиёсат бошқа деган сафсата билан мусулмонларга янглиш йўл кўрсатмоқда ва катта гуноҳ ишламоқда. Чунки дин биз учун ҳаётимизнинг бутун жабҳаларига низом берган глобал мафкурадир, сиёсат ҳам унинг ташқарисида бўла олмайди.