Get Mystery Box with random crypto!

СВАЗИЛЕНДГА ТАШРИФ Бир неча йил аввал, Свазилендда мунозара ю | ILDIZ

СВАЗИЛЕНДГА ТАШРИФ

Бир неча йил аввал, Свазилендда мунозара юзага келди. Қирол Собуза ўз қироличасидан жудо бўлди. Ўлкадаги насроний черковлари, эркак киши янги никоҳ қуришдан олдин қанча муддат кутишига тўғри келади, мавзусида муҳокама бошлаб юборишди. Бу мубоҳаса учун жиддий масала эмасди, негаки қиролнинг яна саккиз хотини бор эди. Шундай қилиб, муҳокама мавзуси ушбуга ўзгарди: “Агар эри ўлса, аёл қанча муддат кутиши керак”.

Шиддатли баҳс-мунозаралар увоққина қиролликни бошига кўтариб юборганидан, оқкўнгил қирол мамлакатдаги барча черковлар кенгашига бу муаммони пухталик билан ойдинлаштиришни амр қилди. Свазилик ҳамкасбим, Исломни қабул қилган жаноб Мусо Борман қиролга, унинг “черкови” (Ислом) ҳам муҳокамаларда иштирок этишини сўраб, мурожаат қилди. Қиролнинг ижозати билан мен ҳам ушбу мунозарада қатнашиш шарафига эга бўлдим.

Якшанба куни азон билан қиролнинг краали (қишлоғи)да насронийликнинг турли ҳил вакиллари, бевалик даври масаласи бўйича бир тўхтамга келиш учун, тўпландилар. Нотиқ кетидан нотиқ ўз фикрини билдириб ўтарди. Аллоҳ Таоло африкаликларга лутф кўрсатган: уларнинг ҳар бири потенциал имкониятли Billy Graham, ҳар бири Jimmy Swaggart!
Ҳар бир ваъз охирида тингловчилар нотиқларни завқ-шавқ билан олқишлашарди. Кейинги нотиқ минбарга кўтарилиб, ўзидан олдингилар ҳақида, “чўпчак, сафсата!” маъносида, “paalish” (бўтқа) деб фикр билдирди, ва тағин қарсаклар!

Жараён азондан кечгача давом этди. Чамаси 5 соатдан сўнг менинг навбатим келди. Қўлимда Қуръони Каримни тутган ҳолда, бошладим: “Эрталабдан кечгача биз ушбу саволга жавоб ахтариш билан бандмиз: бева аёл янги никоҳга кириш учун қанча муддат кутиши керак; Эски Аҳд нима деганини ва Янги Аҳд нима деганини ҳам тингладик, шундай бўлса-да, барибир бу саволга жавоб тополмадик! – чунки биз кўтариб турган масаланинг жавоби “Сўнгги Аҳд”дадир.

#Қуръон_мўжизалар_мўжизаси. Аҳмад Дийдот (23)