Get Mystery Box with random crypto!

​​#онаизорим. Она сизга нималар берганини, нималар илингани | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

​​#онаизорим.

Она сизга нималар берганини, нималар илинганини, сизни қайси пайт кўпроқ ўйлаганию, сизга қанча илҳақ бўлганини ҳаммасиниям сезмагансиз...

Овқатига қанча гўшт солганиниям у ҳисобини олади, болаларига сузиб, ўзига етмай қолса "қорним тўқ эдия" дейди, оёғингиз ўсаётгани сари чамалайди, чамаси келгач, киймай олиб қўйган туфлисини ёнингизга қўяди...

Бўйингиз қанча ўсганиниям сиз сезмагансиз, унинг кўзлари эса буниям ҳисобини олган, сочингиз "ойда қулоч, кунда тутам" бўлганини ҳам, ўсиб- қошингизга туташганини ҳам у илғаган...

Кўз остингиз нега салқидию, кипригингиз тўкилганини ҳам у пайқади.

Мактабдан қайтиб, сумкани қанақа тўппиллатганингизни ҳам эътибордан қочирмайди- сизнинг Онангиз...

Юзингиз нега қизардию, яшириб суртган қош қаламингиз сабабиниям, ҳеч ким сезмаган шабода ҳисларниям Онангиз сезди аллақачонлар...

Балки орқасидаям кўзи борлиги ростдир, балки ростдан ер остида илон қимирлашиниям сезар, балки кўнгилларда кечганини авлиёдай ростдан ўқий олар, қайдам...

Ухламай кўйлак тикибди, сезмадингиз: у ўлчамингизни олмаганди, лекин кийсангиз лоп лойиқ!

Шу нарсаларни сираям ўйламагансиз, шу тобда уйқу қочдию, ақл титиб- титкилаб сизга барини эслатди...

Онангизни йўқотдингиз!

Ҳали совумаган кафтларга узоқ тикилиб қолдингиз, ажинларини ёдлаб олмоқчисиз, унутмаслик учун...

Кўргингиз келганда суратлар, тасвирлар сизнинг хоҳишингиздагини беролмайди...

Шунинг учун барини эслаб қолишга тиришяпсиз!

Қаранг-а!

Онангиз Сизни беш қўлдай биларди, сиз эса унинг хатто қўлларини тузукроқ томошо қилмаган экансиз...

"Эҳ, онам- а менинг чевар онам!"

Азизахон Исмоилова


@ummuzaynabummuijodi