Get Mystery Box with random crypto!

​​#ижод. Янги ҳикоя: АЁЛГА БАХТ БЕРИНГ! Муаллиф:  Азизах | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

​​#ижод.

Янги ҳикоя:

АЁЛГА БАХТ БЕРИНГ!

Муаллиф:  Азизахон  Исмоилова

10-қисм.



Ноябрнинг учида қўярда қўймай опасининг пешига маҳкам ёпишиб олди.  Бирга Дўстликда чегарадан ўтишди. Кейин қанақадир салонидан бензин хиди гупиллаб келиб турган машинада бир неча соат юриб бошқа бир жойга боришди.
Муҳаббатой шу пайтгача бирон марта ўз туманидан четга чиқмаганди, ҳамма ёққа қизиқсиниб боқди, ажабланди.
—Бишкеккача икки юз эллик километрли довон бор. Йўл роса эзади. Яхшилаб қоринни тўқлаб олмасак бўлмайди! Юр, Бабатой...
Опасининг гапига кўра ўша ердаги емакхоналарнинг бирига киришди. Йўлга чиқилганидан бери пулни қисиб-қимтиб ишлатаётган Муҳайё опа овқатланишга келганда бироз саҳийлик қилгани сезилди. Емакхонадан чиқишлари билан опаси машина эгаларининг бири билан гаплашди. Савдоси келишмади шекилли секин бир четга ўтиб чимирилганча йўлга қараб туриб олди.
—Опа, нимадир бўлдими? Қачон кетамиз?
Муҳайё опа синглисига “сен эътибор берма, ҳозир қачон кетишимиз ҳал бўлади!” дегандек сокингина кўз ташлаб қўйди. Муҳаббатой ҳалиям нима бўлаётганини тушунмаётган эди. Бироздан сўнг ҳалиги шофёр уларга қараб қўлини силкиганча қичқириб бир нималарни гапиришга тушди.
—Опа, бизга гапиряпти шекилли. Нима деяпти у? 
—Нима дерди? “Кира ҳақига яна озгина қўш, яна озгина қўшсанг опкетаман!” деяпти-да!
—Қўшамизми? Неччи пул қўшишимиз керак, ўзи? Манда майда пул бор, айтсангиз бўлди, қанча қўшишимни! Мана опа...
Синглисининг астойдил пул олиш учун сумка кавламоқчи бўлаётганини кўрди-ю Муҳайё уни аранг тўхтатиб қолди.
—Вой, шошма! Мунча шошасан?
—Ҳа, энди... Кетсак, кетиб қўя қолайлик деяпман-да, опа? Қаранг, машиналар ҳам анча сепсилиб қолди. Агар буям ҳозир "бор-ей!" деб кетиб қолса кейин кимга ялинамиз? Мана йўлкирага алоҳида оп қўйган пулим бор!
Синглисининг гапларига Муҳайё истеҳзо аралаш кулди.
—Ҳо, ортиқ-камини ман қўшаман дегин? Хотамтойлигинг тутдими, дейман-а Бабатой?!
Суҳбатларига бояги ҳайдовчи хуштак чалавериб ҳалақит қилди. Охири опаси унга қараб бозорчиларга хос дағал овозда вайсашга тушди:
—Бир сўмам қўшмайман. Истасанг шу! Олсанг, шу пулим баракаси билан!
Бу гапга ҳайдовчининг ўжарлиги тутди. “Ўлиб кет! Қолсанг қолиб кетавер!” дегандек қўл силкиди-ю ёнидаги шерикларига ўз тилида бир нималарни гапириб кетиш тараддудига тушиб қолди.
Кўрар кўзга ҳаммаси ростакамига рўй бераётгандек эди. Муҳаббатойнинг ичидан ич қиринди ўтди. Ахир бегона жой, бегона одамлар. “Кел энди, майли!” деб шу арзимас пулнинг баҳридан ўтиб қўя қолишгани яхши эмасмиди? Ҳамони пулнинг эси йўқ бўлса... Барибир ишлаб кетади-ку!
Муҳайё синглисининг хаёлидан ўтаётган ўйларни худди сезиб тургандек гап бошлади:
—Савдогарчилик таваккалчиликдан иборат синглим. Агар таваккал қилмасанг, савдогар бўлолмайсан! Айтгандим-ку сенга: бу касбнинг нонини ейиш осонмас деб... Ўйлаётган ўйинг кўзингдан ўқиса бўладиган бўлиб кўриниб турибди: Сен ҳозир “агар бу машина бизни олиб кетмаса, бегона ерларда қолиб кетамиз-ку!” деб ўйлаяпсан. Йўқ, Худога таваккал қилган ҳеч қаерда қолиб кетмайди. Мана ҳозир гапимнинг исботини кўрасан!
Опаси ҳали гапини тугатмасидан бояги ҳайдовчи улар томонга қараб қичқиришга тушди: 
—Ай бир сомда бербейм деген аял! Кетесинби, отур кеттик!



Довон деганлари худди бир каламуш тоғни айлантириб-ўргилтириб қазиб ташлаган илонизи йўлга ўхшайди, хавфли бурилишлар-у баланд-паст, кўтарилиш ва тушишлари кўп!
Муҳаббатой кулди: бежиз хаёлига биринчи бўлиб каламуш келмаган экан. Довон йўлида бир неча марта “ущелье Чычкан” деб ёзиб қўйилган узун-қисқа ёзувларга кўзи тушди. 
—Чычкан бу сичқон деганими, опа?
Муҳайё синглисининг ҳавотирлари бироз тарқаганига хурсанд бўлди:
—Ҳа, шунақа! Чычкан бу ростдан ҳам сичқон дегани! Йўл ҳали узоқ, бироз ухлаб олсанг ҳам бўлади. Бўлмаса чарчаб қоласан.

Давоми бор.

@Ummuzaynabummuijodi