Get Mystery Box with random crypto!

​​​​#таскин. Афсусланасиз... Кўпроқ нимадан?! Кимгадир иш | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

​​​​#таскин.

Афсусланасиз...

Кўпроқ нимадан?!
Кимгадир ишонганингиздан, билмайдиганларга қилган меҳнатларингиздан, садоқатни тушунмайдиганларга кўрсатган вафойингиздан, совуқ инсонларга порлаган меҳр қуёшингизнинг беҳуда нурларидан...

Афсусларингиз кўп!
Лекин, ортга қайрилмай кетиб бўлдингиз, ортингиздагилар бир куни ҳаммасини тушуниб етишади,
яхшилигингиз бошқа бировлардан қайтади, нотанишлар билан пишиқ ришталар уланади. Кимдир вафони сиздан ўрганади.
Бир куни ҳаммаси сиз учун оддий воқеъликка айланади.

Лекин ҳақиқий афсусланиш қачон бўлади?!

Қачонки, сиз ўз қадрингизни ўзингиз билмаганингизда!

Сизга ҳам бошқаларникидек қўл-оёқ, кўз-қулоқ берилганди. Сиз ҳам Аллоҳ таолонинг бир санъат асари эдингиз!

Сиз учун қаламлар қадар кунида минглаб фараҳбахш кунларнинг ташрифини битганди...

Сиз онангиз раҳмига миллионлаб тушганлар ичида танланган ягона умр неъмати тутилганлардан бири эдингиз...

Кўзларингиз нурни кўрарди, капалак рақсини, камалак рангларини, булутларнинг оппоқ уммони чизган суратларни томошо қилиш бахтига лойиқ инсон эдингиз...

Гўзал умрни кимнингдир фитнасида, кимнингдир ўлжасида, кимнингдир панжасида ўтказманг...

Сизда жуда кўп имконлар бор...
Афсусланиб қолманг...
Бебаҳо умр кунлари саноқлидир, саноқ шунинг учун ўйлаб топилгандир!

Ўз қадрингизга етинг, яхшиларни қадрланг...
Адолатли бўлинг!

Дунёда ҳар нарсанинг уволи ва ҳисоби бор!
Хатто қайтишингизни кун санаб кутаётган ёки кутмаётганларнинг ҳам ўз умр саноғи оз қолди...

Азизахон Исмоилова.

@Ummuzaynabummuijodi