Get Mystery Box with random crypto!

​​#тарбия Ҳар бир оилада бўлганидек, менинг ҳам уйимда қизл | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

​​#тарбия

Ҳар бир оилада бўлганидек, менинг ҳам уйимда қизлар баъзи ишларни сансалор қилиб, қилгиси келмай бир-бирига ағдаришади.

Бизда энг мўмин-қобили Биби. У бировлар егиси келмаган овқатнинг сабзисини, ёғли гўштни, дўлма пўстини, блинчикнинг қиймасини индамай қабул қилиб олади.

Кимгадир ювиш буюрилган идиш товоқларни ҳам индамай ювади, хоналарни йиғиштиради, кирларни таҳлайди, хожатхонани ювиб чиқади. Аммо тўлиб кетса кўзига ёш олади-ю ҳамма нарса ўзига бўлаётганидан нолиб қолади.

Куламан: хўп нима қилгинг келяпти? "Ичингизда ўтиргим келяпти?" дейди ҳиқиллаб... Бўпти, кел дейман ва бира тўла қолганларни ҳам ёнимга чақираман: "Келинглар, сизларга гапим бор!"

Ўйлайманки, ҳамма оналарда бироз нотиқлик бўлиши керак. Мавзуларни қизиқарлироқ гапиришни уддалашимиз керак. Токи ҳеч қачон фарзандларимиз бизни эснаб эшитишмасин!

Қачон бола ишларни сидқидилдан бажаради? Қачонки ўзини ўзи "мен савоб умидида шу ишни қиляпман!" деб ишонтиролса...

Қачон бола ишдан қочади? "Ҳамма мани аҳмоқ қиляпти, ана қолганлар бир нарсани баҳона қилиб четга чиқиб олишди-ю, ҳамма" югур, етим!" ишга ман қолдим. Нима, ҳамма мани чўри кўряптими?"

Бола агар мана шундай фикрласа, ўзига буюрилган ишларни қилишдан қочади. Нафақат болалар, балки биз катталар ҳам шундай ўйлаймиз. Албатта, настройкамизни миядан созлаб олишимиз керак, яъни бу дунёдаги ҳамма одамларни фигура сифатида "робочый стол" дан удалить қилиб ташлаймиз ва фақат Аллоҳ розичилиги учун ишлашни бошлаймиз...

Қизларимга айтдим: "Уй йиғиштираётганда мен масжидни супуряпман деб ишланглар. Чунки бу уйда намозлар ўқилади!

Бурчак-бурчакларни тозалаб артаётганларингизда яна ўзларингизни ишонтиринглар: "Мен бу уйга фаришталар жуда кўп келишини истайман, шунинг учун улар келадиган жойларни артиб тозалаяпман!"

Ойналар сал хиралашса, фикр қилинглар: намоз ўқиётиб ман доим шу тарафга қараб ўқийман. Тезда артиб қўйинглар ва ўзларингизга айтингларки, "бу ишим Аллоҳ розичилиги учун. Онам намоз ўқиётиб шу ойналарга қараб фикри бўлинмаслигини истадим!"

Идиш юваётганингизда айтинг: "даргоҳида жуда кам бўладиган ота-онамнинг ҳизматларини қиляпман. Бу ишим ҳам Аллоҳ таолонинг розичилиги учундир!"

Овқат қилаётганингизда фикр қилинг: "бу овқат ота-онамнинг ва бошқаларнинг ибодатларига қувват бўлади! Шунинг учун сидқидилдан уни бажаришим керак!"

Ишни энг кўп қилаётган одам аҳмоқ одам эмас, қайтага у ютуқда турган одамдир. Савобдан қуруқ қолиб кетаётган аҳмоқ!

Қизларим жим бўлиб қолишди. Болаларимизга ҳамма нарсанинг туб моҳиятини тушунтиришимиз керак. Ана шунда улар кейинчалик ўзлари ҳам воқеалар ортидаги ҳикматни тушунишадиган бўлишади.

Яна бир нарса: ҳаётимизда жуда кўп бировнинг меҳнатини билмайдиган одамларни учратамиз. Ана ўша пайт ҳар ким "шу оқибатни итга қилсам бўлмасмиди?" дейди ва қадрига ачинади. Йўқ, агар сиз ҳар бир ишни Аллоҳ розичилигини ўйлаб қилсангиз, кейинчалик бу ишларнинг ҳикматини тушунасиз.

Одамлар сиз қилган ишларни унутиши мумкин, аммо Аллоҳ унутмайди ва ўзи бундай бандаларини юзага чиқаради!

Азизахон Исмоилова

@Ummuzaynabummuijodi