Get Mystery Box with random crypto!

#бадиий_дид_ҳақида Ҳақиқий санъат асарини қоғоз чиқитларидан | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

#бадиий_дид_ҳақида

Ҳақиқий санъат асарини қоғоз чиқитларидан ажрата биладиган бўлиш учун вақт керак. Дид тажриба билан улғаядиган ҳиссий қобилиятдир. Қуйида ўқишга арзийдиган асарларнинг ҳусусиятлари билан бўлишмоқчиман:

1. Асар матнини исталган жойидан овозингизни чиқариб ўқиб кўринг. Жумлалар равонлигига тилингиз ва қулоғингиз гувоҳлик беради, “жонли ижро”га осонгина тушади.

2. Яхши асарни ўқиётганда муаллиф “овозини эшитмайсиз”, адиб шахси мутлақо ғойиб қолади, матн алоҳида жонзотдек яшайди.

3. Матнни ўқишдан чалғигандан кейин, унинг қаҳрамонлари, воқеалари сизни маълум вақт қўйиб юбормайди. Ўз юмушларингизга чалғиб юрганингизда ҳам бирдан ёдингизга асар саҳналари келаверади.

4. Ҳеч учратганмисиз, кимдир сизга бир нарса дейди, унинг гапи кейинчалик таъсир қила бошлайди? Худди бир жойингиздан узиб олганини пайқаб қоласиз, тинчингизни йўқотасиз. Кичик ҳикоялар кўпинча шундай бўлади. Ўқиб тугатгач “оддий экан” дейсиз, аммо ҳикоянинг “заҳри” вақт ўтиб фикру-хаёлингизни чулғаб олади.

5. Албатта бадиий адабиётда ўз моҳиятига кўра сунъийлик бор. Аммо яхши асарда сохталикни кўрмайсиз, қандайдир жон, аслийликни ҳис қиласиз. Яхши санъат табиатнинг давоми бўлади.

6. Асарнинг ҳар бир қаҳрамони ўзининг хусусий “овози"га эга. Персонажлар худди дастурланган ботларга ўхшаб гапирмайди, ва беўхшов, ўринсиз эмоционал иборалари билан меъдангизни тўлдирмайди.

7. Яхши асарда баландпарвоз иборалар деярли бўлмайди. Ўқишда муаллифнинг сизни хайратга келтириш учун қилаётган чирранишини сезмайсиз. Кучли асар оддий иборалар, ҳаётий тасвирлар билан ичингизни қўзғатиб юбора олади.

8. Тановулдан олинадиган таъм лаззатини ифодалаш қийин бўлгандек асарни ўқишда дид завқи қандай бўлишини айтиш қийин. Энг оғир бадиий асар ҳам шундай завқ бера олади. Шу завқни ҳис қилгач яна шу туйғуни берадиган асарларни қидира бошлайсиз.

Таъм ширин, аччиқ, нордон, тузли лаззатларни бера олгандек, адабий завқ ҳам хилма хил бўлади. Танқис таомнинг маззасини тушунган нозик таъб шинаванда каби адабий диди ўсган киши санъат асарини ҳаваскорлик маҳсулотидан ажрата олади. Бунинг учун кўп асар таомларини татиб кўриш керак бўлади.

Жамшид Муслимов

@Qisqa_satrlarda_Ummu_Zaynab