Get Mystery Box with random crypto!

​​#тавбаи_насуҳ Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu 235-қисм. | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

​​#тавбаи_насуҳ
Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu
235-қисм.



Иёз боши устида ёрқин нур сочаётган юлдузга қаради:
“Сириус!
Уни баъзилар “оқ юлдуз” деб ҳам аташади. Қачонлардир мисрликлар шу совуққина живирлаб турган юлдуздан ўзларига шафқат қилишини ўтиниб сўрашган.
Чунки у ғарбга ботиб, сўнг шарқда илк бор кўриниш берган тунда Нил дарёси тошган.
Ҳа, инсоният ажиб! Нимада сир кўрса, дарров шунга эътиқод боғлайди. Баъзан эса...”
Иёзнинг негадир фикри тарқоқ ҳолатга келди. Сўнг осмонга тикилиб туриб устоди кабирнинг сўзларини эслади:
“Инсон агарда нужум илмини тўла-тўкис эгалласа, осмон ёритгичларига ҳам ўз таъсирини ўтказа оладиган бўлади!
Ҳар бир юлдузнинг ўз вакил фариштаси бор ва уни мусаххар эта билсанг, тасаввур этиб бўлмас кучга эга бўласан!”
Шу жумланинг ўзиёқ Иёзнинг лабига истеҳзо табассумини индирди:
“Нега аввалроқ бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман-а? Фикр қилишдан ё шунчалик тўсиб қўйилганмидим?!
Одамларнинг фикрини ўқиш, ўй-хаёлларига таъсир ўтказиш ва шу орқали уларни бошқариш, жин ёки бошқа вакил қилинганларни тамомила ўзига бўйсундириб олиш...
Улар-ку майли... Аммо ерда туғилган оддийгина одам боласи — қандай қилиб юлдузларга ёки бошқа осмон жисмларига ҳукмфармо бўлиши мумкин?!
Хўш, нима бу?
Эси оғиб қолган қулваччани аввал озодликка, сўнг ҳокимиятга, ана ундан кейин Худоликка ишонтиришми?
Ҳа... чиндан ҳам инсоният ажиб! У нимада сир кўрса, дарров шунга эътиқод боғлайди. Аммо ўша ҳислатни — ўзида кўрса-чи?
У ҳолда бандалигини эсдан чиқаради. Ўзини ҳамма нарсага қодир, ҳокими мутлақ деб тушуна бошлайди.
Агар хукмфармоликни севсанг, билмаган нарсаларингга бурун тиқиб юриш ёқса — сен анавилар қўяётган тузоққа осонгина илинасан! Улар сени қандай чалғитишни, авраб ўз рўёларига ишонтиришни билишади!”
Этакдаги хужра тарафда нимадир кетма-кет тириқлаб, Иёзнинг хаёли бўлинди. Ўрнидан туриб ўша томонга ҳавотир билан кўз ташлади: ҳеч зоғ йўқ!
Назарида тун зулматидан ташқари яна қандайдир қора кўланка ёки соя ўша бурчакка қуйқа каби чўкиб қолгандай.
Юрак ютиб яна бироз кутди ва бирдан хужрадаги сандиқ ичида сақланаётган эски китоблар ёдига тушиб, шалвираганча зинанинг муздек тоштахтасига ўтириб қолди.
“Буни қара-я! Нега аввалроқ хаёлимга келмади? Китоблар ҳақида буткул унутибман-ку!
Демак, билиб-билмай яна уларнинг таъсирига берилиб қолаётганим бежиз эмас! Абдулмажид қори “хаёлан ҳам гуноҳга қайтиб бўлмайди!” дегандилар. Аммо мен-чи?!
Бўш қолдим дегунча яна устоди кабирнинг сўзларини эслаяпман. Яна у мени асл мақсадимдан секин-аста чалғита бошлади.
Тезроқ китоблардан қутулмасам бўлмайди. Йўқса, бу гирдоб мени эртами-индин ўз комига тортиб кетиши аниқ!”
Ҳали тонг отишига анча вақт бор. Иёз эндигина ўрнидан қўзғолиб ётоғига кириб кетмоқчи эди, равон эшиги очилиб ичкаридан онаси кўзлари киртайган бир алфозда чиқиб келди.
Қўлида кимгадир буюртма бериб қавитган тик ёқа нимча! Хонимнинг юз кўзларидан уйқусизлик анча силласини қуритгани сезилиб турибди.
—Узоқ туриб қолдинг. Совқотиб кетгандирсан, деб ўйладим. Мана буни устингга кийиб ол!
Иёз негадир пайсаллагандек бўлиб зина бошида туриб қолди:
—Сал очиқ ҳаводан нафас олай деб ташқарига чиққандим...
—Ўзи соғлиғинг яхшимас! Ҳали бутунлай оёққа туриб кетганинг йўқ. Ўзингни сал аясанг, соғлиғингга эътиборлироқ бўлсанг, нима бўлади-а?
Собиқ эшик оғасининг кўпинча зина четига солиб ўтирадиган кўрпачаси зумда қаёғдандир бино бўлиб Иёзнинг остига тўшалди.
—Вой, қўлларинг ҳам муздек! Қани, яқинроқ кел-чи?
Иёз Афшар хонимнинг қаршисида ўзини уч-тўрт ёшли боладек сезиб илжайди:
—Яхшиман она!
—Ҳа, топиб олган гапинг шу! “Кузги қатиқ куёвга бергисиз...” дейишади! Шу ҳавода юпунггина бўлиб ташқарида ўтиришинг шартми?
Тур ўрнингдан, ичкарига кириб кетамиз... Тунги намозингни ўқидингми, ўзи?
-Энди...
-Тезроқ ўқиб ол! Мен ҳам бир чеккадан сураларни ёдлашга тушдим...



Иёз хужрадаги китобларни ховлига олиб чиқиб ёқди.

(Давоми бор)

@Ummuzaynabummuijodi