Get Mystery Box with random crypto!

​​#тавбаи_насуҳ Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu 232-қисм. Иёз | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

​​#тавбаи_насуҳ
Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu
232-қисм.

Иёз Моҳпора билан никоҳи айнан шу уйда ўқилганини элас-элас эслагандек бўлди.
Ҳа, ўн йил ичида бу уйда яшайдиганлар ўзларидан ортиб, деворига кафт урмагани — бир қарашдаёқ сезилиб турибди.
Дарвоза чертилишига этак тарафдан иккита ғоз дунёни бузгудек ғағиллаб эшик ёнига учиб келди. Иёз шовқинни эшитиб ичкаридан кимдир чиқишига ишонди.
То ғозлар қамалиб остонада ўша кутилган одам кўриниш бергунча орадан бир човгум милдираб қайнагудек вақт ўтди.
—Кечирасиз, танимайроқ турибман! Бизда ишингиз бормиди?
Минг истиҳола билан кекса аёлга у ўзини таништирди.
—Сизмисиз? Вой ўлай... Танимаганимни қаранг...
Арофат хоним қўярда-қўймай ичкарига бошлади. Иёз эса тезда кетишини баҳона қилиб шундоққина пешайвон остидаги курсичага ўтириб қўя қолишни маъқул кўрди.



—Икки йилча сиқилиб юрди. Менам маҳаллангизга икки-уч марта бордим. Кейин жойи чиқди, турмушга узатдик...
Бошида бахтли яшади. Хурсанд... Кейин қайнонаси билан муросаси қочди, эридан хафа бўлди. Биз эса иккиқатлигига шунақа бўлаётгандир деб ўйладик. Йўқ, адашган эканмиз!
Очиғи, қизим аммаларига тортган. Саккизта аммасидан ҳозир еттитаси тирик! Ашурой опам беш йилча олдин қазо қилди. Ер бориб хабар қилмасин, раҳматли жуда доғули аёл эди...
Мен Моҳпорага “рўзғорингга бировни аралаштирма!” деб кўп айтдим. Қани энди... бола зотиям сал каттанинг гапига қулоқ солса-да?!
Мана энди кеч...
Ҳадеб келиб-кетиб юраверганига катта аммаси орага тушиб қизимнинг уйини аччиқ қилиб берди. Кейин яна бошқаси...
Салкам тўрт йилдан бери куёвим пул топиш дардида сарсон-саргардон! Набирам янаги йилга мактабга чиқади. Отасидан бир чақа пул олиб, хали тишимизга босган эмасмиз. Буларнинг келажаги нима бўлади, билмайман...
Сиз ҳақингизда эса деярли гаплашмаймиз. Беш-олти йил олдин кўчадан гап топиб келди:
“Биринчи эрим стадионларни ижарага олиб, минг-минг одамни даволаётган экан... Роса кучайиб кетибди. “Иёзбек” деса ҳамма танийдиган бўлибди!” деб гапирди.
Менам ортиқча гап қўшмадим, “ҳа” деб қўйдим...
Аммо онангиз ҳақида тез-тез унга эслатиб тураман. “Сен шу аёлни норози қилгансан!” деб Моҳпорага кўп марта айтдим. Бир гапимни эшитгиси келмай, жириллаб кетади, бир яна йўқ жойдан ҳар-хил гапларни топиб гапиради...
Ғозлар яна нимадандир безовта тортгандек бири қўйиб-бири ғағиллай бошлади. Иёз дарвоза тирқичидан кўзга бир ташланиб ўтган зардолиранг кўйлакнинг пешини аранг кўришга улгуриб қолди.
—Моҳпар келди...
Арофат хонимнинг овозидаги ҳадиксирашни сезиб, Иёз бу ердан сал эртароқ кетмаганига афсусланди.
—Бугун сал эртароқ қайтибди!



Моҳпора даставвал нима жин уриб бу одам бу ерга келганига ҳайрон бўлди.
Онасининг худди одам қуриб кетгандек у билан бамалайхотир гаплашиб ўтириши ақлга сиғмас бир ҳодиса эди!
“Шунақа бўлиши мумкинми? Кўчадан келсанг, ўн йил олдин ажрашиб кетган одаминг — худди осмондан тушгандек уйингда, онангнинг қаршисида у билан бирга гаплашиб ўтирган бўлса?!
Яна тағин умуман тушинггаям кирмайдиган одам...
Ҳозир-ку майли, аммо ўн йил олдин... у билан хатто бир уйда яшаётган пайтингда ҳам ғирт бегонадан баттар эдинг!
Хўш, нега келди деб ўйлайсан? Пишириб қўйибдими, унга бу ерда?!”
Хаёли қисқа фурсат ичида ҳар кўчага кириб чиқди, аммо собиқ эрининг нега бу ерга келганини Моҳпора умуман тушунолмади.
Иёз эса иссиғида жуфтакни ростлаш учун ўрнидан қўзғолди.
“Ҳа, онам айтмаса, танимасдим... Жуда ўзгариб кетибди!
Қизиқ! Мен келгунча нима ҳақида гаплашишган экан-а? Ярашиш учун келмагани аниқ!
Ё ўзича яна аҳмоқ қилмоқчи бўлдими? Қайдам, балки мени “кўп нарсадан хабари йўқ!” деб ўйласа керак...”
Ўтмиш кунлари дарров Моҳпоранинг кўз олдида жонлангандек бўлди. Эрининг изидан қолмайдиган кўк кўз қиз ва яна бир озғингина келинчак... Касалхонадаги воқеа, ўзининг ҳар кимдан рашк қилиб тинмай йиғлаб-сиқташлари...
“Ҳа, ўта кетган содда, ҳар балога чидаб яшайверадиган аҳмоқ бўлган эканман!

Давоми бор.

@Ummuzaynabummuijodi