Get Mystery Box with random crypto!

​​#тавбаи_насуҳ Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu 233-қисм. Ни | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

​​#тавбаи_насуҳ
Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu
233-қисм.

Нимага шунчалик шу хотинчалиш эрга ёпишиб олгандим ўзи, ҳайронман!
Ҳа, у пайтлар “бу кишим” жуда ўзига бино қўйган, куйдиргининг нақ ўзгинаси эди! Иситиб олганмиди, нима бало?!
Ҳозир кўзимга ит теккан ошдек кўринди. Ўшанда нимасига эриб оққаним-мана энди ўзимга жумбоқ!
Аммо ана ўша “кўк кўз суюқоёқ” боплади! Боплаганда-ки! Ҳаммамизнинг аламимизни битта қилиб олди!
Бориб-бориб у “фоҳиша”га сеҳр-жоду таъсир қилмай қолганми, дейман-да!”
Собиқ куёвини кузатиб паришон бир алфозда изига қайтган она қизининг андишасизларча чақчайиб турган кўзларига рўпара бўлди:
—Нега унга дардингизни достон қилиб ўтирибсиз?! Нима бор экан, унга бу ерда?!
Арофат хоним ҳозир қизига ҳисоб берадиган аҳволда эмасди. Уришгиси келиб, бозорчи хотинлардек қаршисида қўл чалмаштириб турган қизига “бор-ей!” деди-ю томорқа тарафга қараб кетди.
—Ҳой, сизга айтяпман! Нимани гапирдингиз, ўзи унга?! Тентак нима дардда келибди? Билсак бўладими?
Она ўша кетиб бораётган тарафидан ортига ўгирилмай минғирлади:
“Ғирт аммаларингни ўзисан!”
—Эшитмаяпман!!! Гапирсангиз, эшитадиган қилиб гапиринг! Хўпми? “Анави хотинчалиш нимага кепти?” деб сўраяпман, сиздан? Ўн йил ўтиб, яна нимадир эсига тушиб қолибдими?
Хотин керак эканми ё уйига чўри? Нега индамайсиз? Сизга бирон нарса айтдими?
Бу сафар Арофат хоним дахан қимирлатиб ҳам ўтирмади. Моҳпоранинг эса жазаваси қўзиди:
—Касофатинг бошингдан қолсин, илоё, жинкаш! Келмай, ўл! Ўзи манави хотиннинг энди жағи тиниб, қулоғим тинчиганди!
Ўгай онанг билан илиқишиб юравермайсанми, ўн йил олдин "уч талоқ" қўйиб юборган хотинчангни йўқлаб нима бор, сенга? Ҳе, ордона қолгур!
Моҳпора сал олдин Иёз туриб кетган курсичадан аламини олиб уни даранглатиб тепди. Бостирма тарафдаги ғозларнинг яна чакаги очилди.
Арофат хоним миқ этмас, пешайвон тарафда кекирдагини чўзиб бор овозида қичқираётган қизининг дийдиёларини ҳам худди қулоғи том битиб қолганидан эшитолмаётгандек тутарди ўзини.



Абдулмажид қори Иёзнинг намоздаги баъзи бир хатоларини ҳалимлик билан тузатди. Сўнг қандайдир бир юмуш билан ташқарига чиқиб кетди.
Хужра ичида одам сийрак. Сал нарида ўн бир-ўн икки ёшлар атрофидаги бир болакай укаси билан ўтирибди. Иккисининг ҳам қўлида варақлари анча хилвираб, эскириб кетган китоб бор.
Иёз диққати бўлиниб нега ўша томонга қараганини билмайди. Ғайришуурий тарзда, жуда қисқа сониялар ичида улар ўқиб ўтирган китобнинг муқовасини кўришга улгуриб қолди.
“Жавоҳир-ул ......! Ҳа, ҳа... Бу ўша китоб!”
Аъзойи бадани титраб, кўз олди қоронғулашиб кетди. Китоб варақлаб ўтирган бола тимсолида у нима учундир ўзининг макру-хийлаларга чалғиб кетган болалигини кўриб турарди.
—Бу китобни қаердан олдинг? Ким берди уни сенга? Топиб олдингми? Нега жимсан? Қаеригача ўқидинг? Қаеригача ўқидинг деяпман, сенга?
Бола тепасига қуюндек учиб келиб, ўзидан-ўзи ғалати саволлар бераётган бу одамга анграйиб қаради. Довдираганидан аввал меҳр қўйиб ўқиётган китобига, сўнгра важоҳатдан ўзига еб қўйгудек тикилаётган кимсанинг қаҳрга тўла кўзларга жавдираганча қараб тураверди.
—Бу йигитча мураттаб қориларимиздан... Ака-уканинг ҳар кунлик такрори бор. Улар ўқиётган китоб эса... Қуръони Карийм!
Кимдир Иёзнинг бошидан челаклаб совуқ сув қуйиб юборгандек бўлди. У Абдулмажид қорининг аллақачон ташқаридан қайтиб кириб, ўзини бир четда кузатиб турганини сезмай қолганди.
“Қанақасига Қуръон? Ахир ҳозиргина мен бошқа китобни кўрдим-ку! Ҳаётимни остин-устун қилиб юборган китобни...”
Қори нотаниш одамнинг важоҳатидан ҳалиям ўзига келолмаётган бола ва унинг укаси ёнида пича ушланиб қолди. Сўнг хужрада қолиш-қолмаслигини билмай шумшайганча турган Иёзнинг олдига келди.
—Намозларингизга диққатли бўлинг Иёзбек! Намоз бу қўрғон! Унга қанчалик эҳтиёжингиз борлигини мен айтмасам ҳам ўзингиз жуда яхши тушуниб турибсиз!
Намоз инсонни гуноҳ-маъсиятдан тўсади ва унда ажиб бир қувват бор...

(Давоми энди ёзилади)

@Ummuzaynabummuijodi