Get Mystery Box with random crypto!

​​#тавбаи_насуҳ Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu 231-қисм.      Кел | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

​​#тавбаи_насуҳ
Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu
231-қисм.

     Келин тиҳирлик қилаётган қизчасининг қўлидан тортиб ичкари уйга олиб кириб кетди. Жавҳар хоним кутилмаган меҳмоннинг ташрифидан карахт, Иёз эса айни чоғда гапни нимадан бошлашни билмай тош қотганча турарди.
     Айтишгагина осон! Бу ҳолатда "узр сўрайман" деб, эски яраларни тирнаб қўйиш ҳеч гапмас!
      Ҳаёт шундай! Кимдир-бировни вафотидан сўнг уч кун эслайди, нари борса, бир ҳафта. Баъзан бир ой гапириб юриши ҳам мумкин. Ёки бир йил. Аммо оналар ҳақида бундай деб бўлмайди. Улар фарзандига то ўлгунча куяди!
    Она зоти тирик экан, унинг қалбида фарзанд доғи — ўчмайдиган доғ, битмайдиган яра, кетмайдиган дард бўлиб қолаверади!
     Қизчанинг ҳарҳашаси тиниб, ҳамма ёқ сув қуйгандек ҳолатга келгач, ҳайкал каби қотиб турганларнинг бири — аста келиб иккинчисининг пойига тиз чўкди.
     —Олдингизда гуноҳкорман, она! Сизга кўп азият етказиб, битта-ю битта қизингизни бахтсиз қилдим... Агар кечиролсангиз, мени кечиринг! Афсусдаман...
     Жавҳар хонимга худди вақт тўхтаб қолгандек туюлди. Қани энди, ихтиёр ўзида бўлса... Ҳозир бу томошани мана шу аравачасига михланган кўйи кўриб ўтирмаган бўларди.
     "Гарчи шамол келиб сўрасин, узр... Синган шоҳ-синганча қолур... беҳузур!"
     Ногиронлар аравачасида ушоқдек жуссасини тик тутиб ўтирган бўлса-да, у ҳозир қўл тегса қулаб тушгудек бир алфозда эди. Ичидаги туғёнларни сонияма-сония бостириб, хотиржам қиёфада куёвига қаради ва қачонлардир ўзи майда-майда қилиб йиртган суратдаги хушсурат чеҳрага уни ўхшата олмай, таажжубланганча тикилиб қолди.
     Ҳали ёш бўлишига қарамай, қаршисидаги бу йигитнинг сочларига эрта кунда оқ оралабди, ранги-рўйи ҳудди узоқ пайт бир жойда ётган ётоқ касалларники каби зард тус!
     "Эсиз, ўзини анча олдириб қўйибди!"
     Жавҳар хоним кўп нарсаларни ўйлаган аммо Иёзни бунчалик абгор аҳволга тушиб қолган деб ўйламаганди.
     Гулазим билан кирди-чиқди қилмай қўйганига анча бўлди. Орқаваротдан куёвининг бахти келишмай юргани-ю қизидан сўнг нақ тўрт марта уйланиб-ажрашганига-ча эшитди. Кошки бу гаплар фарзанд доғида куйиб-кул бўлаётган онанинг ичидаги алам ўтини ўчиришга яраса?!
     Иёз — Жавҳар хонимнинг наздида ашаддий хотинбоз, қиз-жувонларнинг кушандаси, ҳали кўп инсоннинг бахтсиз бўлишига сабабчи бўладиган хосиятсиз бир эркак эди.
     Хонимнинг кўз олдига Ғамзанисонинг гулгун чеҳраси келди. Онаизор борган сари хира тортиб, йил ўтган сайин ўчиб бораётган сиймони бир муддат тасаввур саҳнасида тутиб қолишни истаб, кўзларини юмди.    
     Ҳа, охирги пайт тасвир жуда хира! Аммо шундай лаҳзалар бўлади-ки, Ғамзанисонинг чеҳраси узоқ пайт кўз ўнгидан кетмай, қаршисида хиёл жилмайганча тураверади.
     Худди нимадир айтмоқчидек!
     —Қизингиз фаришта эди... Менинг чиркин дунёйимдан у шу тариқа бош олиб кетди! Қўлимдан уни қайтариб келиш келмайди... Ожизман!
     Аммо хаётимни бериб, уни қайтариб келиш мумкин бўлганда, ишонинг, ҳеч иккиланмай умримни Ғамзанисо учун баҳшида қилган бўлардим...
      Хонимнинг мижжаларидан ёш сизиб чиқди. Сўнг улар томчи ёш кўринишида бирин-кетин пастга қуйилди:
     —Болам ҳозир ҳам... хурлар билан бирга! Сиздан ранжиган куним... Ғамзанисо тушимга киради...
    Ўзича... бир нималарни менга тушунтирмоқчи бўлади... Майли, агар бу дунёда эмас, у дунёда ҳузур-ҳаловат топган бўлса... мен розиман!
    Жойи жаннатда бўлсин...
    Иёз хиёл титраётган кафтларга юз босди. Жавҳар хоним бироз ёшли кўзлари билан куёвини кузатиб турди. Сўнг кафтларидан бирини суғуриб олиб худди меҳри ийиган оналар каби Иёзнинг чўкиб қолган елкаларини силади.
    —Сизни кечирдим, ўғлим! Кечирдим...



     Иёз Ҳайбарчашмага етиб келганда вақт асрга яқинлашиб қолганди. Одамлардан сўраб-сўраб иккинчи аёли Моҳпоранинг ота ховлисини топиб борди.
     Нураб ётган пастаккина пахса девор, бир хатласанг, ўзингни ховлининг ичкарисида кўрасан! Ёнбошда эса кўчага орқа қилиб қурилган бир уй, бир даҳлиз.

(Давоми бор)

@Ummuzaynabummuijodi