Get Mystery Box with random crypto!

Уйга олов кетса, уни таҳлил қилиб, аста-секинлик билан ўчириб | Uch zamon

Уйга олов кетса, уни таҳлил қилиб, аста-секинлик билан ўчириб ўтиришга вақт ва имкон бўлмайди. Айниқса, бир тарафдан ўчирилган оловни радикал пироманлар бошқатдан ёқиш билан овора бўлсалар, барча эътибор аввало оловни ўчиришга, пироманларни жиловлашга қаратилиши ва олов ўчгандан кейингина уйни қайта ёнмайдиган қилиб тартибга солиниши керак бўлади.

Ушбу констатациядан келиб чиқиб, менимча Ўзбекистонда қилиниши керак бўлган ишлар қуйидагилардан иборат:

1. Аёллар ҳуқуқлари муаммоси давлат сиёсатининг приоритетларидан бири деб эълон қилиниши керак

2. Республиканинг барча маҳаллаларида аёллар ҳуқуқлари бўйича масъул штати очилиши керак ва штат Ички ишлар вазирлигига қарашли бўлиб, улар ИИБ ходимлари бўлишлари, куч ишлар тузумнинг ваколатларига эга бўлишлари керак.

3. Аёллар ҳуқуқлари ҳозирда асосан эркаклар (жамиятнинг қотиб қолган унсурлари билан фикрлайдиган) қўлидадир. Бу соҳага ёппасига аёллар олиб кирилиши, балки тўлиқ аёлларнинг қўлига ўтказилиши керак. Соҳани эгаллайдиган аёллар (аёллар ҳуқуқлари борасида нейтрал ва қонунан фикрлай оладиган эркак кадрлар шакллангач эркаклар ҳам ишлаши мумкин бўлади) фикрлари, дунёқарашлари илғор, замонавий бўлиши, "аёл эркакдан паст туриши керак, эри урса ўлмайди" деб фикрлайдиган бўлмаслиги керак. Бу мансабларга мос равишда туман, вилоят ва республика миқёсида аёл раҳбарлар тайинланиши керак. Агар мавжуд струкураларга параллел мансаблар яратиб, бюджет пуллари совурилмасин дейилса, ҳозирга қадар мавжуд бўлган струкуралар (Хотин-қизлар қўмитаси ёки унинг ўрнига очилган инстанция) ИИВ тасарруфига ўтказилиб, мен айтган шаклга келтирилиши керак.

4. Юқорида айтилган тузилманинг раҳбар ва ходимлари тепадан пастга қараб илғор давлатларга АҚШ, Европа, Жанубий Корея ва ҳоказо давлатларга аёллар ҳуқуқлари борасида малака оширишга юборилишлари, улар қайтгач, ўз навбатида қўл остидаги ходимларнинг малакаларини ошириш бўйича иш олиб боришлари керак бўлади. Бундай жараёнларни мазкур давлатларнинг грантлари орқали молиялаштириш йўллари топилиши ҳам мумкин.

5. Ҳар бир вилоят, балки туманларга дунёнинг ривожланган давлатлари, халқаро ташкилотлардан ихтисослашган маслаҳатчиларни ёллаб олиб келиш ва маҳаллий кадрларга ёрдам беришларини таъминлаш керак.

6. Маҳаллаларда аёлини урадиган, хўрлайдиган, дунёқарашлари радикал бўлган эркаклар (ва аёллар) аниқланиб, улар билан тушунтириш профилактика ишлари олиб борилиши керак.

7. Зўравонликдан шикоят қилиб келган ҳар бир аёлнинг шикояти (ҳатто ёлғон ёки туҳмат бўлса ҳам. Ўрганилгандан кейин ёлғон бўлса, аёлнинг ўзига қонуний чора кўрилиши мумкин) жиддий қабул қилиниши, ўрганилиши ва тегишли чоралар кўрилиши керак. Зўравонликдан қочиб мурожаат қилган аёл зудлик билан давлат муҳофазасига олиниши, хавф туғдираётган инсонлар (эри, эрининг оиласи, ўз уйидаги қариндошлари ва ҳоказолар) дан ажратилиши, яширилиши керак.

8. Давлат зўравонлик қурбони бўлган аёлларни қабул қилиш, уларни ҳимоя қилиш ва мустақил ҳаётга қайтгунларича ҳар томонлама таъминлаш учун чораларни кўриши керак. Тўғри, бу борада талабларга жавоб бермасада, идеал бўлмасада база мавжуд. Ушбу базани талабларга жавоб берадиган даражага олиб чиқилиши ва мустаҳкам тизим яратилиши керак. Ҳар бир туманда ушбу ижтимоий ҳимояга аталган янги бинолар қурилиши ва қатъий тизим асосида иш олиб бориши керак.

9. Аёлларнинг ҳуқуқлари ҳимояси борасида парламент қонунчиликни такомиллаштириш, қатъийлаштириш устида иш олиб бориши керак.

10. Президент ҳузуридаги давлат бошқарув академиясида аёллар ҳуқуқлари ҳимояси бўйича мутахассислар, вилоят, туман ва маҳаллалардаги юқорида айтилган мансабларга кадрлар етиштирадиган факультет очилиши керак. Келгуси 5-10 йилда республиканинг барча туман ва маҳаллаларида ушбу соҳанинг мутахассислари иш олиб боришлари керак.