Get Mystery Box with random crypto!

Аҳли фарз кишилари билан аҳли фазл кишилари ўртасидаги фарқ А | Homidjon Ishmatbekov

Аҳли фарз кишилари билан аҳли фазл кишилари ўртасидаги фарқ

Аҳли фарз кишилари асҳобул ямийн (ўнг тарафдан ўрин олгувчилар), аҳли фазл кишилари эса муқарраб (энг яқин жойдан ўрин олгувчилар)дир.

Аҳли фарз кишилари мусулмонлар ичида кўпчиликни ташкил қилади, аҳли фазл кишилар эса, озчиликни ташкил қиладилар.

Аҳли фарз кишилар Рамазон ойи рўзасинигина тутадилар ва бошқа ойларда оғизлари очиқ бўлади. Аҳли фазл кишилар эса, Шаввол ойидаги олти кун, ҳар ойнинг ўртасида уч кун, душанба, пайшанба кунлари, зулҳижжа ойининг аввалги тўққиз куни ва ашуро куни рўзаларини ҳам тутадилар.

Аҳли фарз кишилари фарз намозларни канда қилмай ўқийдилар. Аҳли фазл кишилари эса, Қуръони каримда айтилганидек:
تَتَجَافٰى جُنُوۡبُهُمۡ عَنِ الۡمَضَاجِعِ يَدۡعُوۡنَ رَبَّهُمۡ خَوۡفًا وَّطَمَعًا
"Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббиларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар" (Сажда сураси, 16-оят).

Аҳли фарз кишилари:
وَاِذَا مَا غَضِبُوۡا هُمۡ يَغۡفِرُوۡنَ‌ۚ‏
"Ғазабланган вақтда кечириб юборадилар" (Шуро сураси, 37-оят).
Аҳли фазл кишилари эса, ғазабланган вақтларида яхшилик қиладилар.

Аҳли фарз кишилари яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтарадилар. Аҳли фазл кишилари эса, яхшиликка унданда кўпроқ яхшилик билан, ёмонликка эса, яхшилик билан жавоб қайтарадилар.

Аҳли фарз кишилар молларидан закотини чиқарадилар. Аҳли фазл кишилар эса:
اَلَّذِيۡنَ يُنۡفِقُوۡنَ اَمۡوَالَهُمۡ بِالَّيۡلِ وَالنَّهَارِ سِرًّا وَّعَلَانِيَةً
"Кечасию кундузи молларини нафақа қиладилар" (Бақара сураси, 274-оят).

Аҳли фарз кишилари ўзларига раво кўрган нарсани биродарларига ҳам раво кўрадилар. Аҳли фазл кишилар эса:
وَيُـؤۡثِرُوۡنَ عَلٰٓى اَنۡفُسِهِمۡ وَلَوۡ كَانَ بِهِمۡ خَصَاصَةٌ
"Гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (биродарларини) ўзларидан устун қўярлар" (Ҳашр сураси, 9-оят).

Аҳли фарз кишилар гоҳида нафл садақа ҳам қилиб турадилар, муҳтожларга ёрдам қўлларини ҳам тутадилар. Аҳли фазл кишилар эса, яхшилик қилишда мусобақалашадилар, доимо одамларнинг ҳожатларини чиқариб юрадилар.

Аҳли фарз кишилар аввал ўзларининг ишларини бажарадилар сўнгра дин ва уммат хизматини қиладилар. Аҳли фазл кишилар эса, ўз жонларини дин, ватан ва уммат ишига фидо қиладилар.

Аҳли фарз кишилар Аллоҳнинг чизиб қўйган чегарасидан чиқмайдилар. Аҳли фазл кишилар эса, ушбу чегарани муҳофаза қиладилар.

Аҳли фарз кишилар Аллоҳ таолонинг ушбу оятидан умидвор бўладилар:
فَمَنۡ زُحۡزِحَ عَنِ النَّارِ وَاُدۡخِلَ الۡجَـنَّةَ فَقَدۡ فَازَ
"Ким дўзахдан узоқлаштирилса ва жаннатга киритилса, шубҳасиз, ютибди" (Оли Имрон сураси, 185-оят).
Аҳли фазл кишилар эса, Аллоҳ таолонинг ушбу ваъдасига эришишда мусобақа қиладилар:
فَاُولٰٓٮِٕكَ لَهُمُ الدَّرَجٰتُ الۡعُلٰىۙ‏
"Бас, ана ўшаларга олий даражалар бордур" (Тоҳо сураси, 75-оят).

Аллоҳим барчамизга аҳли фарздан аҳли фазл даражасига етишмоқни насиб этсин.

https://t.me/tuhur