Get Mystery Box with random crypto!

Охират фақирлари Бир аёл Оиша разияллоҳу анҳонинг олдиларига | Homidjon Ishmatbekov

Охират фақирлари

Бир аёл Оиша разияллоҳу анҳонинг олдиларига келиб: Эй Уммул муъминийн, кеча кечқурун ўрнимга ётаётганимда қўлларим соғ эди. Бугун тонгда уйғонсам икки қўлим шол бўлиб қолибди, деди. Оиша разияллоҳу анҳо: нима бўлди?-деб сўрадилар. У: мени ота-онам бой кишилар эди. Отам сахий инсон эдилар. Молларининг закотини берар, меҳмондўст, камбағалпарвар, нима яхшилик бўлса қилаверар эдилар. Аммо, онам эса ўта зиқна ва хасис эдилар. Ҳеч қачон молларидан эҳсон қилмаганлар.
Отам вафот этди. Ундан кейин икки ой ўтиб онам ҳам вафот этди. Кеча тунда отамни туш кўрдим. У кишининг эгниларида сариқ рангли кийим. Ёнларидан дарё оқиб ўтаяпди. Мен: Эй отажон, бу нима?-деб сўрадим. У киши: Эй қизалоғим, ким дунёда нима амал қилса шуни албатта кўради. Бу нарсани Аллоҳ таоло менга ато этди, деди. Шунда мен: онамгачи?-дедим. Отам: онанг ҳам вафот этдими?-деб сўрадилар. Мен: ҳа, дедим. Шунда отам: ҳайҳот, онангни биздан нарига қўйишибди. Сен онагни чап тарафдан ахтар, деди. Мен чап тарафга ўтиб онамни ахтардим. Бир пайт онамни бир парча матога ўранган ҳолда, қўлида бир парчагина ёғни ушлаганча: Эй воҳ, чанқаб кетяпман, деб бақираётганига кўзим тушди. У бақириб додлаб ҳолдан тойганида қўлидаги бир парча ёғ кафтига суртилади ва онам ўша ёғни ялайди. Унинг ёнгинасида дарё оқиб ўтаётган эди. Мен онамга: нега дарёдан ичмаяпсиз?-деб сўрадим. Онам: менга дарёдан ичишга беришмайди, деди. Ундай бўлса мен сизга сув олиб бераман, деб дарёдан қўлимда сув олиб ичирдим. Шу пайт ўнг тарафдан: ким бу аёлга сув берса қўллари шол бўлсин, деган бир нидо эшитилди. Эрталаб уйғонсам, қўлларим шол бўлибди, деди.
Шунда Оиша разияллоҳу анҳо: онагни эгнидаги бир парча матони танидингми?-деб сўрадилар. Аёл: ҳа, мен уни танидим. Онам ҳечам садақа қилган эмаслар. Лекин бир куни эшигимизга бир тиланчи келганида мана шу матони бериб юборган эдилар. Яна бир куни отам катта бир ҳўкиз сўйиб садақа қилганида, онам озгина ёғи бор бўлган суякни қўлида ушлаб турган эди. Эшикдан тиланчи келиб қолувди, шунда ўша ёғли суякни тиланчига бериб юборган эди, деди.
Бу гапларни эшитган Оиша разияллоҳу анҳо: Аллоҳу акбар, деб такбир айтиб юбордилар ва: Аллоҳ рост айтган, Расулуллоҳ уни етказганлар, деб қуйидаги оятларни ўқидилар:
فَمَنۡ يَّعۡمَلۡ مِثۡقَالَ ذَرَّةٍ خَيۡرًا يَّرَهٗ وَمَنۡ يَّعۡمَلۡ مِثۡقَالَ ذَرَّةٍ شَرًّا يَّرَهٗ
"Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўрадир. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўрадир" (Залзала сураси, 7-8-оятлар).

وَاَنۡفِقُوۡا مِنۡ مَّا رَزَقۡنٰكُمۡ مِّنۡ قَبۡلِ اَنۡ يَّاۡتِىَ اَحَدَكُمُ الۡمَوۡتُ فَيَقُوۡلَ رَبِّ لَوۡلَاۤ اَخَّرۡتَنِىۡۤ اِلٰٓى اَجَلٍ قَرِيۡبٍۙ فَاَصَّدَّقَ وَاَكُنۡ مِّنَ الصّٰلِحِيۡنَ
"Ва бирингизга ўлим келиб: «Эй Роббим, агар менинг ўлимимни яқин муддатга орқага сурсанг, бас, садақа қилиб солиҳлардан бўлсам», демасдан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қилинг" (Мунофиқун сураси, 10-оят).

(Ат-тарғиб ват-тарҳиб)

https://t.me/tuhur