Get Mystery Box with random crypto!

Тўртинчи авлод сувчилар вакили Зухро Жумаева Сув хўжалиги со | TOMCHI

Тўртинчи авлод сувчилар вакили Зухро Жумаева

Сув хўжалиги соҳасида ишлайдиган аёллар ҳақидаги ҳикояларим қаҳрамонлари орасида ўз ота-оналари ёки акаларию опалари касбининг давомчилари кўп марта учраган. Бугунги суҳбатдошим Зухро Жумаева сувчилар оиласининг тўртинчи авлоди бўлади! Тасаввур қиляпсизми? Отаси, Раҳмон Ҳасанович, Қоплон Гидроузелида сув созловчиси лавозимида 40 йилдан бери – 1982 йилдан ҳозирга кунга қадар ишлаб келмоқда; онаси, Самия опа эса, айнан шу ерда 2017 йилгача диспетчер бўлиб хизмат қилган. Оилада 4 нафар қиз фарзанд бўлиб, барчалари қайсидир маънода ё сув билан, ё сув соҳаси билан туташ умумэкологик масалалар билан фаолиятларини боғлаганлар.

Менинг “бошқа касб танлаш хоҳиши бўлганми?” деган саволимга Зухра шундай жавоб берди: «Йўғ-а? Аксинча. Бир-икки одамларнинг сув хўжалиги соҳаси аёлларнинг иши эмас дегани менга қўшимча туртки берган. Мен албатта сув хўжалигида фаолият олиб бораман деб аҳд қилганман. Мен аёллар сув соҳасида ишлай оладилар ва ишлашлари кераклигини исботлагим келди. Бундан ташқари, улар буни эркаклардан қолишмай, ҳатто яхшироқ ҳам қилишлари мумкин. Шунингдек, буни исботлаш учун юқори малакали мутахассис бўлиш кераклигини англаб турардим. Шу мақсадда 2014 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Бухоро филиалига ўқишга кирдим. Ўқишим давомида “Бухоро Сувназорат” инспекциясида 2-тоифали инспектор ловозимида иш бошладим. 2019 йилда ўқишни тугатиб, “Aму-Бухоро” ИТҲБ ҳузуридаги Мелиоратив эскпедиция Бухоро туман бўлимида мелиоратор лавозимида бир йил фаолият олиб бордим. Бироқ бакалавр даражасида тўхталиб қолишни истамадим. Шу сабабли 2020 йилда ТИҚХММИ Бухоро филиалида Сув тежовчи суғориш технология йўналишида магистратурага ўқишга қабул қилиниб, 2021 йилда магистр даражасини қўлга киритдим”.

Ҳозирги кунда Зухро “Aму-Бухоро” ИТҲБ Бухоро туман Ирригация бўлимида бош гидрометр лавозимида фаолият олиб бормоқда. Унинг асосий иши вилоятдан олинган чекланган лимит асосида берилган сувларни истеъмолчиларга тақсимот қилиш; сувдан фойдаланиш режасини шакллантириш ҳамда олинган кунлик сувларни каналлар кесимида тақсимлаш; ҳар бир каналда берилган сувларни назорат қилиш ҳамда юқори турувчи органлар ва аҳоли томонидан келадиган мурожаатларни жойида бориб ўрганиш. Энг оғир иш, ҳойнаҳой, бу қўл остидаги гидрометрларни кунлик сув ўлчаш йиғма жилдини тайёрлаш. Мана шу жойда “бу аёлларнинг иши эмас” дейишларини тушуна бошлайсан. Зухро шундай дейди: “Мен ўзим сув ўлчашга боришда техниканинг йўқлигидан ҳамда сув ўлчаш воситаси “вертушканинг” штанга, яъни рейкасининг оғирлигидан кўп азият чекаман. Ҳар бир канал ораси камида 3 километр масофа узоқликда. Қишда қийналишимни-ку айтмасам ҳам бўлади: то бир гидроузелдан иккинчисига етиб боргунимча қўлим музлаб, қотиб қолади”.

Мана шу ерда суҳбатимиз уларнинг фаолиятлари жараёнида аёллар учун зарур кўмак мавзусига ўтди. Зухро сув хўжалигида ишлайдиган аёллар ишларини енгиллаштирувчи транспорт воситалари ва ускуналар билан таъминлансалар ажойиб иш бўлишига ишонади. Бугунги кунда жуда кўп замонавий техника ва қурилмалар мавжуд бўлиб, улардан фойдаланиш жуда яхши самара бериши мумкин. Хотин-қизларни раҳбарлик лавозимларига кўтариш, ўқишларини давом эттиришга кўмаклашиш ҳали ҳам етарлича эмас. Хотин-қизларни олий маълумот олиш, жумладан, магистратура, ҳаттоки докторлик даражасига эга бўлишга рағбатлантириш чора-тадбирлари уларни сув соҳасига кенг жалб этишга хизмат қилишига шубҳаси йўқ.
“Албатта ишимиз осон эмас. Лекин сувчи – бу жуда шарафли касб. Сув хўжалиги соҳасида фаолиятим давомида кўп яхши инсонлар билан танишдим. Сув хўжалиги соҳасида аёлларнинг иқтисодий имкониятларни кенгайтириш доирасида ўтказилган семинар тренингда жуда кўп кўникма, билим, қимматли маслаҳатлар олдим,” – деб давом этди Зухро.