2023-05-01 21:29:35
Ёш футболчилар ҳақида узун пост
Сўнгги турда Испания чемпионати ўйинларидан бири энг ёш футболчилар мавзусини очиб юборди. Ламине Ямал исмли ўсмир 15 ёш 9 ой 16 кунлик вақтида Каталониянинг “Барселона” жамоаси таркибида дебют қилди. Бу клуб тарихига рекорд сифатида кирди. Асли келиб чиқиши марокашлик бўлган Ямал майдонда яхши таассурот қолдирди. Ўйиндан сўнг Хави уни Месси ва Фати каби туғма истеъдод соҳиби деб атади. Лекин одатда ёш дебютантлик порлоқ келажак гарови бўлиб чиқмаслигини таъкидлаш зарур.
Ямал баҳонасида профессионал футболдаги энг ёш дебютантлар мавзусига тўхталамиз.
Маълумотларга кўра, футбол тарихида профессионал ўйиндаги энг ёш дебютант бу боливиялик Маурисио Бальдивьесо бўлиб, 2009 йил “Аурора” клуби таркибида “Ла Пас”га қарши ўйинда дебют қилган чоғи у 13 ёш (!) бўлган. Аниқроғи 13 ёшга тўлишига 3 кун қолганди ўшанда Муарисиога. Унинг тарихи албатта истисно. 13 ёшда дебют қилиш замонавий футболда деярли имконсиз. Буни маҳаллий лигалар регламент даражасида тақиқлашади одатда.
Бальдивьесонинг тарихига бироз тўхталиб ўтсак фойдали бўлади. 1996 йилда туғилган футболчи бугун клубсиз эркин агент мақомида. Ўша дебют куни “Аурора” бош мураббийи Хулио Сесар Бальдивьесо таркибда кузатилаётган аномал жароҳатлар боис бу қарорга келган. Ва албатта тўғри англадингиз – фамилиялар айни. Бу ҳолатда мураббий ва дебютант футболчи ота-бола ҳисобланади. Хулио Сесар ўз ўғлининг биринчи ўйиндаги ҳаракатларида кўнгли тўлиб, кейин ҳам таркибга жалб қилишни истаган, бироқ клуб раҳбарияти бунга қарши чиққач мураббий истеъфога чиқади. Воқеанинг давоми эса бахтли эмас. Муарисио кейинги йиллар қанчалик уринмасин жиддий клубларда жиддий натижалар қайд этмади, ўйнаган жамоаларининг аксари эса отаси ишлаган жамоалар эди. Сўнгги йилларда клубсиз бўлиб турган бу футболчи умумий олсак карьерасидан хафа бўлмаса ҳам бўлаверади – ахир Гиннеснинг рекордлар китобига кириш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.
Мавзуни давом эттириб топ лигалардаги энг ёш дебютантларга тўхталамиз.
Бундеслига: 2020 йилнинг 21-ноябр куни Дордмундни “Боруссия” клуби “Герга”га қарши ўйинда захирадан майдонга Юсуффа Мукокони туширади. У 16 ёш 1 кунлик эди. Ўша мавсум ташкилотчилар Бундеслигада энг паст чегарани 17 ёшдан 16 ёшга қадар туширганидан дордмундликлар фойдланишган эди. Қизиғи у дебют ўйинида қария Эрлинг Ҳоланд ўрнига майдонга тушган 2000 йилда туғилган Викингни бу ҳолатда қария десак бўлаверар. Мукоко бугун ҳам “Боруссия” таркибида ҳаракат қилмоқда.
Лига 1: Франция чемпионати тарихидаги энг ёш дебютант – Кальман Гереньсери бўлиб, у ҳақда аниқ маълумот ва кадрларни топиш душвор, боиси дебют 1960 йилда бўлиб ўтган. Ўшанда у 15 ёш 7 ой 12 кун кўрсаткичини қайд этган. Сўнгги энг ёш дебютантлардан сўзласак, масалан шу йил ПСЖ таркибида дебют қилган Варрен Заир-Эмерини келтириш мумкин. Заир-Эмери асосий жамоа сафида илк бор майдонга тушганида – 16 ёш 151 кун кўрсаткичини ўзиники қилиб олган эди.
Ла Лига: Лука Ромеро – 15 ёш 221 кунлик вақтида, 2020 йил 24 июнь куни "Жирона" таркибида майдонга тушиб Испаниядаги энг ёш дебютантга айланиб олган. Бу ўтган ҳафта майдонга тушган Ламине Ямалнинг кўрсаткичидан бироз яхшироқ дегани. Месси қиёсланадиган Ромеро ҳозир "Лацио" таркиби бўлиб, асосан захирада қолдирилмоқда.
А Серия: 2001 йилда туғилган Пьетро Пеллегри 2016 йил қишида “Дженоа” – “Торино” ўйинда майдонда ҳаракат қилган чоғи – 15 ёш 280 кунлик эди. Бу эса 1937 йилда қайд этилган Амадео Амадеининг рекорди билан бир хил кўрсаткич бўлиб тарихга кирди. Қизиғи италиялик ҳужумчи бугун ўзи дебют қилган ўйиндаги рақиби “Торино” таркибида ўйнамоқда.
АПЛ: 2022 йил 18 сентябрь куни “Арсенал” мураббийи Микел Артета “Брайтон”га қарши ўйин чоғи майдонга 15 ёш 181 кунлик Итан Нванерини майдонга туширди ва бу АПЛ рекорди сифатида тарихга кирди. Шундан сўнг бу футболчи бошқа ўйинларда лондонликлар сафида кўриниш бермади. Аммо унга тегишли рекорд энди анча вақт сақланиб қолса ажаб эмас.
@tolipovuz
13.5K viewsedited 18:29