Get Mystery Box with random crypto!

ҲАЙИТ КУНЛАРИ ҚАНДАЙ ЎТКАЗИЛАДИ 182-CАВОЛ: Ҳайит кунини қ | ZIYOLI ZIYOKORLAR ZIYOSI 👨‍🎓

ҲАЙИТ КУНЛАРИ ҚАНДАЙ ЎТКАЗИЛАДИ

182-CАВОЛ:
Ҳайит кунини қандай ўтказишимиз керак? Умуман у кунда қандай амаллар бажаришимиз керак? Ҳайит намозини адо этиш қоиалари ҳақида тўлиқ маълумот берсангиз. Олдиндан раҳмат.

ЖАВОБ:
Динимизда бир йилда икки кун - Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити кунларини мўмин-мусулмонлар учун байрам куни этиб белгиланган.

عَنْ أنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه قَالَ: قَدِمَ رَسَولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَدِيْنَةَ وَلَهُمْ يَوْمَانِ يَلْعَبونَ فِيْهِمَا فَقَالَ: مَا هَذَانِ اليَوْمَانِ؟ قَالُوا: كُنَّا نَلْعَبُ فِيْهِمَا فِى الجَاهِلِيَّةِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: إِنَّ اللهَ قَدْ أَبْدَلَكُمْ بِهِمَا خَيْرًا مِنْهِمَا يَوْمَ الأَضْحَى وَيَوْمَ الفِطْرِ (رَوَاهُ الإمام أَحْمَدُ وَالإمام أَبُو دَاوُدَ)

яъни: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида мадиналикларнинг кўнгилочар икки кунлари бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу қандай кунлар?” деб сўрадилар. Улар: “Жоҳилиятда бу кунлари кўнгилларимизни хуш қилардик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло бу икки кунни улардан ҳам яхши қурбонлик ва фитр кунларига алмаштирди”, дедилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Ушбу икки кунда ҳар бир мусулмон ўз хурсандчилиги, саховати ва юксак одоб-ахлоқини ҳар қачонгидан кўра кўпроқ изҳор қилиши керак.

Шунинг учун уламоларимиз мазкур байрам кунларида мусулмон киши учун зарур бўлган баъзи амалларни тавсия қилганлар. Жумладан, қуйидаги амаллар ҳайит кунлари мустаҳаб саналади:
- ҳайит кунидан аввалги тунни ибодат, дуо ва зикрлар билан бедор ўтказиш;
- ҳайит намозига чиқиш олдидан ғусл қилиш, мисвoк ишлатиш, хушбўйлик суриш;
- чиройли янги кийим кийиш (янгиси бўлмаса, яхшисини кийиш);
- фитр садақаси зиммасига вожиб бўлган киши уни ҳайит намозига чиқишдан олдин адо этиши;
- масжидга чиқишдан олдин бирор нарса тановул қилиш;
- масжидга бир йўлдан бориб, уйга бошқа йўлдан қайтиш;
- масжидга кетишда такбир айтиш. Рамазон ҳайитида махфий, Қурбон ҳайитида эса овоз чиқариб такбир айтилади.
- ҳайит номозини адо этгандан кейин ота-она, қариндош-уруғлар ва яқинларни зиёрат қилиш;
- етимлар, мискинлар, фақирлар ҳамда муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш ва меҳр кўрсатиш.
Ҳайит намози қуйидаги тартибда ўқилади:
Биринчи ният қилиб намозга киришилади. Яъни “Рамазон ҳайити намозини Қиблага юзланган ҳолда, имомга иқтидо қилиб, ўқишни ният қилдим” деб, “Аллоҳу акбар”ни айтиб қулоқ қоқилади.

Кейин қўлни қовуштириб, ҳар ким ичида сано дуосини ўқийди. Сўнгра имом қўлларини қулоқларига кўтариб, уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам уч марта такбир айтадилар. Такбирлар орасида қўллар боғланмайди, ёнга ташланади. Ийд намозининг учинчи такбири айтилгач, қўллар боғланади, қиём ҳолида турилади.

Кейин имом ичида “Аъузу”ни ва “Бисмиллаҳ”ни айтиб, овоз чиқариб “Фотиҳа” сурасини ва зам сурани ўқийди. Қавм жим эшитади. Қироатдан сўнг такбир айтиб, руку ва саждалар қилиниб, иккинчи ракатга турилади.

Иккинчи ракатда имом “Фотиҳа” сураси билан зам сура ўқийди. Қавм жим эшитади. Қироатдан сўнг рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби, имом ва жамоат биргаликда уч марта такбир айтадилар. Ва тўртинчи такбир айтилиб, рукуга борилади ва сажда қилинади. Саждадан сўнг ўтириб ташаҳҳуд, саловат ва дуо ўқиб, салом бериб намоз тугатилади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати.